Севара Назархон “Голос” телелойиҳасида кейинги босқичга ўтди

Мураббийларнинг барчаси бир овоздан Севарага овоз беришди.

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Севара Назархон Россиянинг “Первый” телеканалида ўтказилаётган «Голос» телелойиҳасининг кейинги босқичига йўл олди. Иккинчи босқичда Севара Назархон Софья Авазашвилига қарши саҳнага чиқди. Жамоа мураббийи Леонид Агутиннинг кўрсатмасига асосан улар Уитни Хьюстоннинг Run to you қўшиғини тайёрлаб келишди ва ижро этишди. Агутиннинг айтишича унга айнан шу қўшиқ кўпроқ ёқар экан.

Севара Назархон ва Софья Авазашвили биргаликда бу қўшиқни ажойиб ижро этишди. Уларнинг ижроси шу қадар таъсирли чиқдики, қўшиқ тугагандан кейин томошабинлар анча вақтгача гулдурос қарсаклар тинмади ва зални «Молодцы!» деган хайқириқлар ларзага келтирди. Леонид Агутин ва Пелагея эса ўз эҳтиросларини яшира олишмади ва кўзларига ёш олишди.

Иштирокчиларни табриклар экан, Леонид Агутин «Мен, яна кўз ёш тўка олишимдан жуда ҳурсандман ва бунинг учун сизлардан миннатдорман. Менга сизлар билаш ишлаш насиб этди ва бу мен учун катта омад» деб фикрларини баён этди.

Хонандалардан бирини танлашга келганда, барча мураббийлар Софьянинг ижросини ижобий баҳолаган ҳолда Севарага овоз беришди. Мураббийларнинг фикрича, Софья бу қўшиқни жуда тўғри ижро этди, Севара эса ўзига хос услубда куйлади. Лекин кейинги босқичларда янада қийин вазифалар қўйилганда албатта Севаранинг тажрибаси кўпроқ ас қотиши аниқ. Шу боисдан ҳам мураббийлар Севаранинг имкониятини юқори баҳолашди.

Мазкур танловда иштирок этаётган яна бир ўзбекистонлик хонанда Светлана Сайдиева ҳам кейинги босқичга йўл олди. У Сослан Кулумбеков билан Тото Кутуньонинг L’italiano композициясини ижро этди. Жамоа мураббийи Александр Градский ҳар икки ижодкорга миннатжорчилик билдириб, Света Сайдиева билан ишлашда давом этишини маълум қилди.

 

 

Светлана Сайдиева