Калининградда уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Россия Федерациясининг Калининград вилоятида уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳалок бўлиш сабаблари ўрганилмоқда. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси ҳудудий бошқармасига асосланиб, “Регнум” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Дастлабки маълумотларга қараганда, улар бензин буғидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Улар янги қурилаётган уйда коммуникация тармоқларини ўтказиш учун махсус ҳандақ қазиш билан шуғулланишган. Шу боис бензин билан ишлайдиган генератордан фойдаланиб, уйни иситишган.

Ахборот агентлигининг ёзишича, ҳозирда ҳалок бўлганларни суд тиббий экспертизасидан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

SHARE