Рус тилини билмайдиганлар учун Россия ёпилдими?

Шу йилнинг 1 декабридан Россияда меҳнат мигрантлари учун рус тилидан имтиҳон олиш ва бошқа талабларни кўзда тутувчи қонун кучга кирди, деб хабар беради ББСнинг рус хизмати.

Унга кўра, мигрантлар Россияга келганда ишга жойлашиш ва уни узайтириш чоғида рус тили бўйича ўз билимларини тасдиқлатиб олишлари талаб қилинади. Рус тили давлат тили ҳисобланган мамлакатлар фуқаролари бундай имтиҳондан ўтиши талаб қилинмайди.

Россия федерал миграция хизмати маълумотларига қараганда, мамлакатга ҳар йили ўртача 13 миллион нафар киши ишлаш мақсадида келади. Уларнинг аксарияти собиқ иттифоқ мамлакатлари фуқароларидир.

Инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг айтишича, бу қонун гарчи мамлакат учун керак бўлса-да, уни тўла-тўкис рўёбга чиқаришда Россияда қарор топган тизим, айниқса, маҳаллий амалдорларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши катта тўсиқ бўлади.

Янги қонун талабларига мувофиқ, рус тилини бўлиш бўйича имтиҳонлар коммунал хўжалик, савдо ва хизматлар соҳасида ишлайдиган мигрантлар учун жорий этилади. Айни пайтда ушбу синовдан ўтувчилар Россияда қонуний асосда бўлмоғи керак. Ваҳоланки, Россияда мигрантларнинг катта қисми нолегал асосда ишлашади. Шу боис улар фаолиятига мазкур қонун татбиқ этилмайди. Шу билан бир қаторда, совет дипломига эга меҳнат мигрантлари тил бўйича синовдан ўтиши талаб қилинмайди.

Шундай бўлса-да, фуқаролик жамияти институтлари ва фаол фуқаролар мигрантларга тилни ўрганиш, ўз ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш зарурлигини бот-бот таъкидлашмоқда.

Рус тили бўйича имтиҳондан ўта олмаганларга тилнинг бошланғич даражада ўрганиш учун вақт берилади. Агар иш берувчи бунга қаршилик қилмаса, у бепул тил курсларида таҳсил олиши мумкин. Россияда ҳозирда меҳнат мигрантлари учун 400 дан ортиқ тил марказлари иш олиб бормоқда.

SHARE