Путин Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини олқишлади

Россия Федерацияси президенти В. Путин МДҲ Эркин савдо ҳудудига Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб киришга хоҳиш билдирганини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. У МДҲга аъзо бошқа давлатларни ҳам бунга чорлаган.

“Биз Ўзбекистон раҳбариятининг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиш бўйича истакларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз… Мен бошқа ҳамкасбларим ҳам худди шундай муносабатда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашларини сўрайман”, деди у, жумладан.

Айни чоғда Путин ушбу масалада тегишли ҳужжатларни имзолаган давлатлар имкон қадар тез ратификация қилишини, қолганлари эса қўшилиш бўйича зарур қадамларни ташлашлари кераклигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, ҳозирча Тожикистон ва Қирғизистон бу борада фаолроқ ҳаракат қилиши керак бўлади.

МДҲда эркин савдо ҳудудини ташкил этиш ташаббуси Украина ҳукуматига тегишли бўлиб, минтақада ўзаро савдо-сотиқ масалаласида бир қатор енгилликларни кўзда тутади.

Путиннинг фикрича, Эркин иқтисодий ҳудуд Божхона иттифоқи ҳамда Ягона иқтисодий кенглик ғояларини янада кенгроқ рўёбга чиқариш имкониятларини оширади.

МДҲ мамлакатларининг Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномаси жорий йил охирига қадар кучга кириши мўлжалланган.

МДҲнинг Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномаси 2011 йилнинг 18 октябрида Россия, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Тожикистон ва Украина томонидан имзоланган.

Жорий йил охиригача Ўзбекистон ҳам мазкур шартномага қўшилишни режалаштирган, Туркманистон ва Озарбайжон эса қўшилиш масаласини кўриб чиқиш ниятида.

Ҳозирга қадар шартномани Россия, Белоруссия, Украина, Арманистон ва Молдавия ратификация қилган.

SHARE