Сенат амнистия эълон қилди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимигa биноан, Олий Мажлис Сенати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор қабул қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Сенат қарорида жазога ҳукм қилинган аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) назарда тутилган.

    Шунингдек, Сенат қарорида эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланган.

    Унда, шу билан бирга, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинади.

    Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинади.

    Сенат ўзининг қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартибини белгилаган бўлиб, унда амнистия бўйича жазодан озод қилиниши керак бўлган шахсларга доир ишлар ва материалларни суд томонидан кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланган.

    Шунингдек, жазодан озод қилинаётган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига қаратилган комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, улар тўлиқ ҳисобга олиниши ва ишга жойлаштирилишини таъминлашга, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштиришга, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органлари назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юборишга қаратилган комплекс тадбирларни амалга ошириш ҳам назарда тутилмоқда.

    SHARE