Ўзбекистонда ҳам iTunes Store онлайн-дўкони ишлашни бошлади

4 декабрдан эътиборан iTunes Store онлайн-дўкони Ўзбекистонда ишлашни бошлади. Бу ҳақда Apple компанияси 4 декабрь маълумотига асосланиб, Kun.uz сайти хабар тарқатди.

Ўзбекистонлик фойдаланувчилар онлайн-дўкондаги қўшиқларни 1,29 доллардан сотиб олишлари мумкин. Бу Америкадаги нархлар билан бир хил. iTunes’да ўзбекистонлик хонандалардан Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Насиба Абдуллаева, Алишер Файз кабилар бор; Севара Назархон каби хонандаларнинг қўшиқларини эса Ўзбекистон дўконидан сотиб олиш имкони, ҳозирча, йўқ.

Ўзбекистон билан бир вақтда iTunes Store жаҳоннинг яна 55 мамлакатида, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон каби Ўрта Осиё республикаларида, шунингдек, Россия, Туркия, Ҳиндистон ва ЖАР каби мамлакатларда ҳам ишлашни бошлади. Ушбу 56 мамлакатнинг ҳар бирида фойдаланувчилари iTunes’дан мусиқа олишлари мумкин, бироқ онлайн-дўкондан фильм сотиб олиш ёки ижарага олиш ҳуқуқи ҳозирча фақат Россия, Туркия, Ҳиндистон ва Индонезияда бор, холос.

iTunes’нинг Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда иш бошлаши билан Apple онлайн-дўконининг географияси 119 мамлакатгача катталашди.

iTunes Store – Apple компанияси томонидан ташкил этилган онлайн-дўкон бўлиб, унда компания қурилмалари – iPod, iPhone, iPad, Mac ва Apple персонал компьютери учун мўлжалланган рақамли аудио, видео, ўйинлар ва китоблар билан савдо қилинади. Дўкон 2003 йил апрель ойида иш бошлаган.

SHARE