Ўзбекистонда 2013 йил “Обод турмуш йили” деб эълон қилинди

Президент Ислом Каримов ўзининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида кириб келаётган янги – 2013 йилга “Обод турмуш йили” деб ном бериш таклифи билан чиқди.

«Биз 2013 йилга шундай ном берар эканмиз, ана шу йўналишда бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, уларни янги, юксак босқичга кўтаришни асосий мақсад деб биламиз», — таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Унинг фикрича, шу муносабат билан қабул қилинадиган давлат дастурида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланади: «Биринчидан, Ўзбекистонимизда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни, фуқаролар ва миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек сақлаш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг муҳим, ҳал қилувчи вазифамиз бўлиб қолиши даркор. Албатта, бу масала бўйича масъул бўлган тегишли идоралар бор, куч-қудратимиз ҳам етарли. Лекин қачон юрт тинч ва обод бўлади? Қачонки ҳар қайси уйда, ҳар қайси маҳаллада яшаётган одам тинчлик ва осудаликнинг қадрига етиб, уни мустаҳкамлашни, уни ҳимоялашни ўзининг бурчи, деб билса, тинчлик учун курашсагина бу мақсадга эришиш мумкин»- дейди Ислом Каримов.

Унинг таъкидлашича, иккинчидан, обод ҳаёт деган тушунча азал-азалдан халқимизнинг онгу тафаккурида авваламбор фаровонлик, тўкинчилик, мўл-кўлчилик, қут-барака, бозорларда арзончилик маъносини ўзида мужассам этиб келади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда халқ фаровонлиги тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган, биз учун энг азиз ва муқаддас бўлган қадриятлар билан биргаликда миллий ғоямизнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда. Дастурни тайёрлашда аҳоли фаровонлигини, унинг реал даромадларини ошириш, бандлик масаласини ечиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, давлат томонидан бериладиган аниқ манзилли ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштириш каби вазифалар эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик” деган мақоли замирида мужассам бўлган ҳақиқатни ҳаётимиз тарзига айлантириш йўлида янги йилда ҳам катта-катта ишларни амалга оширишимиз зарур.

«Учинчидан, обод турмушнинг яна бир муҳим шарти – бу инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканини барчамиз яхши тушунамиз. Ҳақиқатан ҳам, одамларимиз қачон, қаерда бўлмасин, дуога қўл очар экан, аввало, “Тани соғлик, тинчлик-хотиржамлик бўлсин, юртимиз обод бўлсин”, деб ният қилиши бежиз эмас, албатта. Шу боис халқимизнинг саломатлигини ҳимоялаш, бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимини энг замонавий даволаш воситалари, техника ва технологиялар билан таъминлаш, профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш, бу соҳада фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари биз учун доимий вазифа бўлиб қолади. Тўртинчидан, халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, жумладан, янги уй-жойлар, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш каби долзарб масалалар бўйича ҳам дастурда аниқ чора-тадбирлар белгиланиши керак. Бешинчидан, биз турмушимизни янада обод қилиш вазифасини олдимизга қўяр эканмиз, бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз зарур. Яъни, ҳаётимизни обод қилишнинг муҳим шарти – бу аввало маҳаллани обод қилиш демакдир.

Шу борада маҳалла идорасининг, маҳаллада яшайдиган аҳолимизнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини, керак бўлса, ижтимоий ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштириш, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини янада кучайтириш, унга янги ҳуқуқ ва ваколатлар бериш бўйича ҳам кенг жамоатчилик иштирокида амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Олтинчидан, ҳаётимизни янада соғлом ва обод қилиш, аввало аёл зотининг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ишларини муносиб баҳолаш, ҳар қайси хонадонда уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш асносида турмушимизни фаровон этиш билан узвий ва чамбарчас боғлиқдир. Ана шу ҳақиқатни амалда қарор топтириш учун бизнинг ҳали қиладиган кўп ишларимиз борлигини унутмаслигимизни истардим»,- ўз сўзини якунлади давлатимиз раҳбари.

Manba: www.12news.uz