Ўзбекистон президенти Афғонистон бўйича мулоқот гуруҳи тузишга чақирмоқда

Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққан президент Ислом Каримов Афғонистон бўйича мулоқот гуруҳи тузиш кераклиги ҳақида гапирди.

«АЙСЕФ деб аталувчи коалицион қўшинларнинг 2014 йилгача ва ундан кейин қўшни Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ равишда ушбу мамлакат ва унинг атрофидаги вазиятнинг янада кескинлашиб, терроризм, экстремизм ва наркотрафикнинг кучайиш хавфи борлиги, қисқа қилиб айтганда, мамлакатда аҳвол чегарадан чиқиб кетиши мумкинлиги қўшни давлатларда жиддий хавотир уйғотмасдан қолмайди, албатта. Воқеаларнинг ана шундай йўналишда ривожланиши бугунги қарама-қаршиликнинг миллатлар ва элатлар ўртасидаги можарога айланиб кетиши, Афғонистонда фуқаролар урушининг янгитдан авж олиши, минтақада турли хавф-хатарлар пайдо бўлиши кўпгина нуфузли экспертлар томонидан истисно этилмаяпти», – деди Ўзбекистон раҳбари.

Ислом Каримов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистонга қўшни мамлакатлар, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари, НАТО ва Россия иштирокида мулоқот гуруҳини тузиш кераклигига эътибор қаратди.

«Бу гуруҳ хатти-ҳаракатларининг бош мақсади ўзаро кураш олиб бораётган кучлар ўртасида муросага эришиш ва коалицион афғон ҳукуматини шакллантиришдан иборат бўлиши керак. Ана шу ҳукумат таркибида Афғонистондаги асосий миллий-этник ва диний гуруҳлар ўз ўрнини топган бўлар эди. Таъкидлаш керакки, бу ечимнинг бошқа муносиб муқобил варианти йўқ», – дея таъкидлади И. Каримов.

Manba: www.uz.ca-news.org