Ҳукумат саноат маҳсулотлари таннархини пасайтиради

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Унга кўра, компаниялар, ассоциациялар ва бошқа хўжалик бирлашмалари ва корхоналари 2013 йилда хўжалик бирлашмалари ва йирик саноат корхоналарида маҳсулот таннархини ўртача 11,2 фоизга камайтиради.

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом билан Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантиришга ягона мезонлар ва талаблар белгиланди. Талаблардан бири ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражасини камида 30 фоизга етказишни кўзда тутарди. Идоралараро махсус комиссиянинг қарори билан истисно тариқасида Маҳаллийлаштириш дастурига маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан паст бўлган лойиҳалар ҳам (12 ой давомида уни камида 30 фоизга етказиш шарти билан) киритилиши мумкин эди. Маҳаллийлаштиришнинг белгиланган даражасининг пасайишига йўл қўйилмасди.

Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори билан 2013 йилда агар маҳаллийлаштириш даражасининг пасайиши технологик жараёнларни оқилона ташкил этиш, хом ашё, материаллар ва энергия ресурслари харажатлари сарфи меъёрлари тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар доирасида ўзгариши, қувватлардан фойдаланиш даражасини кўпайтириш ва меҳнат унумдорлигини ўстириш, фойдаланиш харажатларини ва қўшимча харажатларни қисқартириш, харид қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар қийматини камайтириш, бир йил учун ходимлар сонини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига таннархни пасайтириш натижасида юз берган бўлса, бу 2013 йилда маҳаллийлаштириш даражасининг пасайиши қисмида кўрсатилган низомнинг бузилиши деб ҳисобланмайди.

SHARE