Ўзбекистондаги Олий журналистика курслари МДҲ да ўз йўналиши бўйича ягона ҳисобланади

Бугунги глобаллашув даврида шиддат билан ривожланаётган халқаро медиа майдонида Ўзбекистоннинг ўрни янада кенгаймоқда. XXI асрда республика газеталари ҳамда ахборот коммуникация тизимларининг фуқаролар онги, дунёқараши ва сиёсий савиясининг шаклланишига ҳисса қўшаётган асосий таъсирчан восита сифатидаги роли кун сайин ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2005 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Миллий Университетининг Олий журналистика курслари нафақат республикамизда балки Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларида ўз йўналиши бўйича ягона ҳисобланади. Дарҳақиқат, 2005 йилда ОЖК биринчи бўлиб, бизнинг Миллий университетда ташкил қилинган бўлса, 2008 йилга бориб Москва Давлат университети ва сўнгра Киев Давлат университетларида очилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг икки йиллик махсус Олий журналистика курслари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2005 йил 1 июлдаги 143-сон буйруғи билан тасдиқланган Низом асосида фаолият олиб бормоқда.

Ўтган қисқа давр ичида 440дан зиёд тингловчилар журналистика соҳасининг турли замонавий ихтисосликлари бўйича чуқур билим олиб, магистрлик даражасини қўлга киритдилар.

Улар ҳозирги пайтда республиканинг турли вазирлик ва идоралари ҳамда йирик компанияларининг Ахборот хизматларида, газета-журналлар таҳририятларида, радио ва телевидениеда жўшқин фаолият юритмоқдалар.

Ҳозирги кунда Олий журналистика курсларида 100 яқин тингловчи таҳсил олмоқда.

Ўзига хос томони шундаки, бу ерда таълим олаётган тингловчилар турли мутахассисликлар, хусусан, ҳуқуқшунослик, математика, тиббиёт, филология ва бошқа турфа соҳалар бўйича бакалавр даражасига эга бўлиб, айни пайтда улар ўзларининг устоз ва мураббийлари кўмагида журналистика маҳорати, унинг илмий, услубий хусусиятларини ўзлаштириш мақсадида тинмай изланишлар олиб бормоқдалар.

Айни пайтда Олий журналистика курсларида тингловчиларнинг ихтисослашуви масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ҳар бир талабанинг билимини ошириш баробарида унинг индивидуал қизиқиши ва интилишларини, иқтидори ва ижодий қобилиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи биринчи ўринга қўйилган.

Шу маънода, янги услубдаги ўқув жараёни билан бирга бўлғуси журналистларда бевосита амалий кўникмаларни ҳосил қилиш муҳим роль ўйнамоқда. Факультетда ташкил этилган радио, фото ва видеостудиялар мунтазам фаолият кўрсатмоқда.

Маълумки, “Журналист” газетаси Аҳмаджон ака Мелибоев кўмаги билан умидли ёшларнинг фаол иштирокида чоп этиб келинмоқда.

Талабалар томонидан ўқув-лабораторияда доимий равишда тайёрланаётган ихчам ва қизиқарли радио дастурлар факультетнинг ўзида эфирга узатилмоқда. Шунингдек, илк маротаба “Талабаликка бир кун” деб номланган кўрсатув тайёрланди. Яқинда 1-курс бакалаври Маъмур Фармонов томонидан jurfak.uz сайтининг янги версияси ишлаб чиқилди.

Олий журналистика курсларида устоз-шогирд анъаналари давом эттирилиб, тингловчиларимиз ўз мураббийлари кўмагида ёзган мақолаларини республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб келишмоқда.

Булардан ташқари, 2012 йил октбярь ойида ОЖК тингловчиларининг биринчи маколалари тўплами дунё юзини кўрди. “Олий журналистика курслари: илм ва ижод уйғунлиги” номли ушбу тўплам Тўлқин Эшбек мураббийлигида нашр этилди.

Ундаги мақолаларда талабалар томонидан тилнинг ранг-баранг жилоси ва қудрати ҳақида, жумладан, адабий тил, расмий тил, турли касб йўналишлари тили ҳамда бир-биридан гўзал бўлган ўзбек шевалари тўғрисида атрофлича сўз юритилади. Муҳими, ёш ижодкорларнинг ўз шахсий қарашлари, куюнчак фикрлари ҳамда касбий изланишлари ўз аксини топган. Чунки тил барча қалам аҳлининг кундалик фаолиятидаги асосий восита, қолаверса, халқимиз ва миллатимизнинг мислсиз бойлиги ҳисобланади.

Тингловчиларимизнинг қўлингиздаги мақолалар тўпламида улар нима учун айнан журналистика соҳасини “касб” сифатида танлаганликлари ҳақида атрофлича фикр юритадилар. Албатта, мухбирлик касби тарихдан ҳам кўпчиликни ўзига қизиқтириб келган. Ўзимиз кўп марта гувоҳи бўлганмиз, таниқли ҳуқуқшунослар, шифокорлар, иқтисодчилар, математиклар ва ҳатто учувчилар журналистика соҳасида ўзларини синаб кўрганлар.

Бунга мисоллар жуда кўп. 1997 йил “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири сифатида Лондонда меҳнат қилиб юрган пайтимда, Малика Диана ўзининг Анголага ташрифи ҳақида махсус кўрсатув тайёрлаган эди. Фильмга ўзи матн ёзиб, ўзи овоз берган эди. Ўшанда Малика тележурналистиканинг анъанавий публицистик жанри орқали Анголада миналардан азоб чекаётган оддий халқ дардига бутун дунё жамоатчилиги эътиборини қаратган эди.

Қувонарлиси шундаки, талабаларимизнинг аксарияти факультетда таҳсил олиш билан бирга республиканинг етакчи газета ва журналлари, радио ва телеканаллари ҳамда Интернет порталларида ижодий фаолият билан бевосита шуғулланмоқдалар.

Шунингдек, тингловчилар республика миқёсидаги турли танловлар, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатларида фаол қатнашиб, ўз билимларини янада оширмоқдалар.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети томонидан “Ёшларни ахборот-психологик хуружлардан ҳимоя қилиш технологиялари” мавзуида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда энг яхши маъруза билан иштирок этгани учун ОЖК 1-босқич тингловчиси Жобирхон Асқаров тақдирланди.

Бундан ташқари яна бир тингловчимиз Хуршида Жўраева Навоий стипендиянти ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун ташкил этилган “Ниҳол” мукофоти совриндори ҳисобаланади.

Учқун Абдуғаффоров эса Президент асарлари бўйича республика олимпиядасида энг яхши иншо номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

Бир сўз билан айтганда, Олий журналистика курсларида ўқув-амалиёт кўникмаларини шакллантириш баробарида тингловчиларнинг билим ва маҳоратлари янада ошириб борилмоқда.

Муҳими, уларнинг журналисткамизнинг турли замонавий тармоқларига ихтисослашувини таъминлаш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Муаллиф: Беруний Алимов, Олий журналистика курслари раҳбари
Manba: www.12news.uz