Швеция Қироллиги Ўзбекистонга янги элчи тайинлади

gazeta.uz

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Швеция Қироллигининг юртимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Стокгольмда жойлашган) Аке Петерсон билан учрашув бўлиб ўтди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув чоғида Элчи Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилган ишонч ёрлиғини топширди.

Шунингдек томонлар Ўзбекистон-Швеция муносабатлари юзасидан фикр алмашиш баробарида, ҳам иккитомонлама, ҳам «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» доирасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Таъкидландики, сиёсий маслаҳатлашувларни доимий ва тизимли тарзда ўтказиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва  Швеция ишбилармон доиралари вакилларининг тўғридан-тўғри алоқаларини таъминлашдан иккитомон ҳам манфаатдор, бу эса турли сохаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш имкониятларини яратади.  Учрашувда долзарб бўлиб турган халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

SHARE