«Ўзтемирйўлйўловчи» МДҲга чипта сотиш тўхтатилганини изоҳлади

“Ўзтемирйўйўловчи” очиқ акциядорлик жамияти республика бўйича “электрон чипталар”ни жорий этиш борасидаги дастлабки саъй-ҳаракатларни бошлади. Айнан ана шу вазият Мустақил давлат ҳамдўстлигидан Ўзбекистонга қатновчи поездларга чипта сотилишининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлганди, деб хабар беради Uzdaily сайти компания матбуот хизматига таяниб.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, бундан аввалроқ  Podrobno.uz  агентлиги “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг темир йўл кассаларида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга қатновчи рейсларга чипта сотиш тўхтатилгани ҳақида хабар тарқатганди.

“Ўзтемирйўлйўловчи” ОАЖдан хабар беришларича, айни кунларда «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК Россиянинг Темирйўл транспорти илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда мамлакатда “электрон чипта”ларни жорий этиш юзасидан дастлабки ишлар бошлаб юборган. Бу эса  йўловчиларга компания расмий-сайти орқали чипталар сотиб олиш имкониятини яратади ва табийки “Экспресс” атоматлаштирилган бошқарув тизими дастурига баъзи ўзгартиришлар киритишни талаб қилади.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикасига чет элдан қайтувчи фуқаролар оқими камайган пайт эканини ҳисобга олган ҳолда, тизим дастурий таъминотига ўзгартиш киритиш бошланди.

Бундан ташқари, 2013 йилдан эътиборан “Экспресс” АБТ амалда бўлган МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия давлатларининг йўловчиларни ташиш бўйича ягона тизимга (глобал нархлар) ўтишлари кутилмоқда. Бу ҳам чипталар савдоси дастурий таъминотига ўзгартишлар киритишни талаб қилади.

SHARE