Америка фожеаси: Коннектикутдаги мактабда “қирғин” содир бўлди

Американининг Коннектикут штати Ньютаун шаҳарчасидаги бошланғич мактабда фожеали ҳодиса юз берди. Гап шундаки, Сенди-хук мактаби ўқувчилари ва персоналлари номаълум шахс томонидан ўққа тутилган. Сўнгги маълумотларга қараганда, ушбу қотиллик оқибатида камида 27 нафар киши ҳалок бўлган. Уларнинг камида 20 нафарини болалар ташкил этади.

Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, қотил отиб ўлдирилган. Полиция воқеа жойидан иккита пистолетни топган. Ушбу ҳудуддаги бошқа мактаблар вақтинча ёпиб қўйилган.

Америка матбуоти ўққа тутган америкаликнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлишган. Унинг исми Райан Ланза бўлиб, 24 ёшни қаршилаган. Маълум бўлишича, у эрталаб уйда ўз отасини отиб ўлдирган, сўнг онаси ишлайдиган мактабга келиб, унинг ва кўплаб болалар ҳаётига зомин бўлган.

АҚШ президенти ушбу фожеа хусусида ҳаяжонланиб гапирган ва кўз ёшларини тия олмаган. «Қалбимиз вайрон бўлди», деди у, жумладан. Президент ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдириб, «улар бу ҳаётни жуда эрта тарк этишди ва ҳеч қанақа сўз бу йўқотишнинг ўрнини боса олмайди», деди.

У бу АҚШ тарихидаги биринчи ҳодиса эмаслигини қайд этиб, «сиёсатдан қатъи назар… барча чораларни» кўришга ваъда берди.

Ушбу ҳодиса бутун дунёда одамлар, сиёсатчилар, шоу-бизнес вакилларининг эътиборини тортиб, барча Коннектикут аҳолисига ўз ҳамдардлигини таъкидламоқда.

Бундай ҳодисалар АҚШ жамиятида эски мавзунинг янгиланишига, яъни фуқароларнинг қуролни эркин тасарруф этишини кафолатлайдиган Конституциянинг иккинчи тузатишини кун мавзусига айлантиради.

Маълумот учун:

АҚШ тарихидаги оммавий қотилликлар:

  • 1984 йили Жеймс Оливер Хьюберти Калифорниядаги Макдоналдсда 21 кишини отиб ўлдиради;
  • 1986 йили почтальон Патт Шерилл ўз ишхонасида 14 киши ҳаётига зомин бўлади;
  • 1991 йили Техасда Жорж Хеннарднинг ўққа тутиши оқибатида 23 киши ҳалок бўлади;
  • 1999 йили Колародадаги икки нафар юқори синф ўқувчиси эса ўз мактабида 13 кишини ўлдиради ва кейин ўз жонига қасд қилади;
  • 2007 йили Виржиния политехника университетида талаба 32 кишининг ёстиғини қуритди;

 2009 йили ҳарбий хизматчи Техасдаги Форт-Худ ҳарбий базасида 13 кишининг умрига зомин бўлади.

SHARE