Жерар Депардье: “Ўзбекистонда “минг бир кеча” эртагини кўргандек бўлдим”

Яқинда юртимизда меҳмон бўлган Жерар Депардье Форум-ТВ каналининг “Бизнинг объектив” кўрсатувига интервью берди. Қуйида шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Маълумки, сиз таомлар шинавандасисиз. Ҳатто пазандалик китобини ҳам нашр этгансиз. Ўзбек таомларидан қай бири сизга манзур бўлди?
— Мен учун бирор бир мамлакатга ташриф буюриш, ўша ердаги миллий ошхона билан ҳам танишиш демакдир. Ўзбекистонда таомлар жуда мазали ва барчага манзур бўладиган, бироқ етарлича ёғли ҳам. Шу ўринда, айтиш жоизки, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам қўй гўштидан кўп фойдаланилади, аммо бу ердаги ошхонада қўй гўштига рационал ёндашашишар экан. Сизда шунақа сабзовотлар борки, улар ноодатий, жуда ўзгача. Менга айниқса палов ёқди! Гўшт ва сабзи қўшилган le potofo деган француз таомига ҳам ўхшаб кетаркан. Иккиси ҳам қовуриладиган таомлар.

— Яқинда “Астерикс ва Обеликс Буюк Британияда” номли фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бош қаҳрамон Обеликс болалардек беғубор, шундай эмасми?
– Ҳа. Назаримда, Обеликс менга ўхшайди, яъни тўлача ва йирик (кулади). Унинг хаёлида фақат яхши ниятлар ва бу унга қувонч бағишлайди.

— Обеликсга ўхшаган инсонлар жуда меҳрибон бўлишади.
— Йўқ, одатда семиз инсонлар жаҳлдор бўлишади, лекин мен ундай эмасман. Мен семизман, аввалари озғин эдим. Саёҳатлар давомида тури фалокатларга учраганман ва бу кўп ҳаракатланиш имкониятини чеклаган. Оғир одам бўлсам-да, аммо фикрлашим теран.

— Интервьюларингиздан бирида қалбан болалигимча қолганман. Ёшимга ёш қўшилган сари кўпроқ болаликка қайтаман, дегандингиз. Ўзингизни неча ёшданман деб ҳис этасиз?
— Ҳозир ёшим олтмиш тўртда, аммо камида тўқсон йил яшаб қўйгандекман. Аслида ёш муҳим нарса эмас. Бу шунақа нарсаки, ёш ўтган сари инсоннинг ақли юксалиб боради, ҳаёт босқичларидан ўтиб боради. Гитери деган ёзувчи шундай деганди: “20 ёш қизиқувчан, 30 ёш мағрур, талабчан, 40 ёш уддабурон ва уста, 60 ёш шахмат, яъни заковат”. Ёнимда болаларим бор. Мен уларнинг барчасига эътибор беришга ҳаракат қиламан, улар ҳақида қайғураман. Ўлимдан қўрқмайман, чунки бу бор нарса. Қолаверса, абадийлик идеологиясининг ўзи ҳам ўлим билан боғлиқ. Барча нарса фоний.

— Ҳаётингизнинг ўзи актерлик мактаби вазифасини ўтаган. Катта ҳаётий ва профессионал тажрибага эгасиз. Сизнингча муваффақиятга эришишнинг асосий омиллари нимада?
— Бу борада бир нима дейишим мушкул. Чунки бу бировга қандай нафас олишни ўргатишга ўхшайди. Шуни айта оламанки, кино жуда катта тарихга эга. Уни билиш зарур, атрофни, инсонларни кузатиш, уларни тинглай олишни билиш керак. Инсон ёлғиз яшай олмайди, у яхши кўрган инсонлари билан бирга яшайди, шундай экан, уларнинг кўнглини асло қолдирмаслик керак. Мен доим ёнимдаги яқинларимга бир хил муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан, албатта ўз ўрнида қўллаб-қувватлайман ҳам.

— Ўзбекистонга қилган ташрифингиз янги кинолойиҳа билан боғлиқ. Шу ҳақида гапириб ўтсангиз ?
— Буюк ипак йўли азалдан барчанинг эътиборини тортиб келган. Минг йиллар аввал хитойликлар ипакни кашф этишди, унинг тайёрланиш сирини кўпчилик билишга интилган. Ўша пайтларда ҳатто нефтдан ҳам қиймати юқори бўлган. Гулнора Каримова ва Акбар Ҳакимов ҳаммуаллифлигидаги сценарийда айнан шу мавзуга қўл урилганлиги ва унда ўша даврни акс эттирилиши, ипакнинг яралиш сирини кўрсатилиши, бу — ажойиб ғоя! Менга бу мавзу жуда қизиқ!

— Ўзбекистондан Парижга қайтганингизда дастлаб дўстларингиз, яқинларингизга нималар ҳақида сўзлаб берасиз?
— Аввало сизни айтаман, мени жуда кўп саволга тутди дейман (кулади).Мен шуни чин юракдан айтишим мумкинки, ўзбеклар самимий, буюк миллат. Юртингиз ўзининг бетакрор ва нафис табиати, тинч ҳаёти ва одамлари билан менда катта таассурот қолдирди. Бу ерда мен “Минг бир кеча” эртагини кўргандек бўлдим. Сизда бой маданият ва тарих бор, энг асосийси эса, буларнинг ҳаммасини қадрлайсизлар!

Мен юртингизни буткул бошқача деб тасаввур қилгандим. Кўрганларимдан ҳайратландим. Халқингиз хотиржам, ақлли, уларда шарқнинг заковати сезилиб туради. Мен Тошкентдаги Амир Темур музейи, қадимий Бухоро, Самарқанднинг Регистон майдонини томоша қилдим. Кўрганларимни таърифлашга тилим лол. Фонд Форум ҳақида гапиришдан аввал профессор Гулнора Каримова ҳақида сўз юритмоқчиман. Аввало, унинг соҳибжамоллиги ва ақл-заковатига алоҳида тўхталмоқчиман. “Асрлар садоси” фестивали ҳам беқиёс. Ушбу фестивалда қадриятлар тикланади, дунёда шундай миллатлар борки, ўз миллийлигини буткул йўқотиб бўлишган, уларни қайта тиклаш эса мушкул иш. Гулнора Каримова турли миллат вакилларининг раққос ва қўшиқчиларини ўз миллий кийимида намоён бўлиши учун имкон яратадиган фестиваль ташкил этгани таҳсинга лойиқ!