Таниқли ўзбек шоири Абдулҳамид Исмоилнинг инглиз тилида чоп этилган “Шоир ва Бин Лодин” асари хусусида

Роман англиялик таниқли таржимон Эндрю Бромфилд томонидан инглиз тилига ўгирилган.

Ўзбек, рус, француз, олмон, турк ва бошқа тилларда чоп этилган ўнлаб забардаст асарлар муаллифи Абдулҳамид Исмоилнинг яна бир асари инглиз тилида босмадан чиқди. 264 саҳифадан иборат “Шоир ва Бин Лодин” романи Glagoslav Publications инглиз-голланд нашриёти томонидан чоп этилди.

Таниқли Ўзбек ёзувчисининг романидаги воқеалар 21-аср бошларида Фарғона водийсидан тортиб, уммонортида ҳам исломий фундаментализм бош кўтараётган бир манзарада кечади. Муаллиф ўз асарини 2001 йил 11 сентябр куни Нью-Йорк ва Вашингтонда амалга оширилган ҳужумлардан ўз она юртида оиласи билан таътилда экани чоғи телевизор экранлари орқали бохабар бўлган пайтда тушган ҳолатини тасвирлашдан бошлайди. Романни мутолаа этиш жараёнида воқеалар силсиласи замонда ўзгариб турса-да, асар интиҳосига қадар унда қаламга олинган икки мавзу ўзгаришсиз қолади: У ҳам бўлса Тоҳир Йўлдошу Жума Намангоний бошчилигида Ўзбекистонда исломий ҳаракатнинг бош кўтариши ва сўфий шоир Белгининг қадим Ўш тоғларидан бошлаб, “Ал-Қоида” тармоғи раҳбари Усама бин Лодин билан учрашувига қадар босиб ўтган йўлдир. Яъни, ўзига Пир истаб йўлга чиққан шоир саёҳатини жиҳодий урушлар майдонида якунлайди. Илоҳиёт ва таҳқиру тазйиққа қарши зўравон жавоб, қалам ва қурол орасидаги танглик романда кечаётган воқеа-ҳодисаларга ўзига хос кескинлик бағишлайди. Бу билан ҳам чекланмаган ёзувчи ўз қаҳрамони шоир Белги нигоҳида Афғонистон Қундузининг қамали, Шибирғон қамоқхонасининг манзаралари ва Фарғона водийсидаги исён каби тарихий воқеаларнинг жонли тасвирини ҳам чизиб боради. Роман англиялик кўзга кўринган таржимон Эндрю Бромфилд томонидан инглиз тилига ўгирилган. Эндрю Бромфилд Александр Пушкин, Михаил Булгаков, Лев Толстой каби қатор дунё тан олган ижодкорлар асарларининг таржимони саналади. Биз таниқли ёзувчи, жорий пайтда Би-би-си Марказий Осиё бўлими раҳбари бўлган Абдулҳамид Исмоилни суҳбатга чорлаб, ундан энг аввало нима учун шунча забардаст асарлари орасидан бу гал айнан “Шоир ва Бин Лодин”ни Ғарб ўқувчилари ихтиёрига ҳавола этишни маъқул, деб топганини сўрадик:

Таниқли Ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоилнинг асарлари Франция, АҚШ ва Россияда ҳам чоп этилган

Абдулҳамид Исмоил: Агарда “бу китобни айни шу пайт Ғарб ўқувчисига етказишни мен танладим” десам, бироз такаббурроқ бўлади. Китобларни Ғарбда асосан ноширлар, агентлар танлашади. Ёзувчининг иши бу китобларни ёзиш, холос. Бу романнинг асли 2005 йили чиққан эди. Рост, инглиз тилидаги нусхасини анчайин қайта ишлаб, тўлдириб, инглиз тили ўқувчисига мослаброқ чиқдим. Афсуски, Ғарбда Исломга қараш “террорга қарши уруш” ташвиқоти кетидан бир томонламага яқинроқ. Балки, эндиликда бу “оқу-қаро” тарзидаги қарашни ўзгартириш пайти келгандир. Китобнинг асосий мавзуси ҳам шундан иборат.

Савол: Мана, бугун нашрдан чиққан китобингиз энди ўз ўқувчилари қўлига етиб боради. Ёзувчи сифатида асарнинг Ғарб ўқувчисининг юрагини жиз этадиган жиҳатини шахсан ўзингиз нимада, деб айтган бўлардингиз?

Абдулҳамид Исмоил: Гап шундаки, йигирманчи аср – “биз билан бўлмасанг бизга қаршисан” фалсафаси остида ўтди. Истеҳзоли жойи шуки, ўша аср тарихида кечаги дўстнинг сурункасига бугунги душманга айланишидир. Дейлик, Иккинчи Жаҳон Урушида Ғарбнинг либерал кучлари Шўролар билан бирикиб, Ҳитлер фашизмини енгишди. Уруш битиши биланоқ кечаги дўстлар пўм чиқишиб, бир-бирининг душманига айланишди. Совуқ уруш бошланди. Совуқ уруш ҳам битди, бироқ энди Ғарбнинг бу Совуқ урушдаги иттифоқдоши – Ислом унинг душманига айланди. “Террорга қарши уруш” бошланди. Бу барча урушларнинг тилию мафкураси айнидир, ё бир-бирига жуда яқин. Сабабларига тўхтамайлигу, бироқ бу урушларнинг тегирмон тошлари орасида оддий инсонлар янчилишади. Шундай бир инсон – шоир Белгининг фожеий тақдири бу китобнинг мағзидир.

Савол: Ўқувчи ҳали асарингизнинг номига кўз ташлабоқ, “Шоир ва Бин Лодин?”, деб ўзи ўзига хаёлан савол бериши тайин. Шундай экан, сўфий бир шоирни нега “Ал-Қоида” каби мужоҳид бир тармоқ раҳбарига қарши қўйдингиз?

Абдулҳамид Исмоил: Агарда асар номи “Шоир ё Бин Лодин” бўлганида эди, фикрингизга қўшилган бўлардим (кулади). Ҳейненинг бир машҳур гапи бор: “Агар-да дунё иккига бўлинса – дарзи шоирнинг юраги бўйлаб кетади,” – дейди у. Китоб аслида бугунги дунёнинг ана ўша дарзи ҳақида. Бир шоир мисолида, унинг ёрилган юраги рамзида ёзилган бир асар. Лекин бу муаммолар дунёда эндигина юзага келди, деб ўйлаш ҳам хатодир. Романнинг иккинчи қисми – ана ўша шоир Белги тарафидан ёзилган қисса – Бобурийлар сулоласидан бўлмиш Шоҳжаҳоннинг икки ўғли – Доро Шукуҳ ва Аврангзеб ҳақида ҳам сўйлайди. Маълумки, буларнинг бири – кенг феъл, бутун дунёни ичига сиғдира оладиган шоиртабиат инсон эса, бошқаси ўз отасинию ўз қизи – Зебунисони қамаб, ўз биродарини кушт этган бир шафқатсиз ҳокимдир.

Савол: Бошқа томондан, “Ёзувчи ўз асарини харидоргир қилиш учун унинг номини Усама бин Лодин билан боғлаган”, деган ўқувчингизга нима деган бўлардингиз?

Абдулҳамид Исмоил: Китоб илк ёзилаётганда мен атоқли исломшунос – юзлаб китоблар муаллифи раҳматли Анна-Мари Шиммелнинг Бонндаги шинам уйида маслаҳатлашиб, “Сиз қўрққан ва мен қўрқмаган Ислом” деган сарлавҳада тўхтаган эдик. Кейин бу ном “Ўлим эмас, ўлим томон йўл ўлимнинг ўзидан каттароқ хаёл” деган сатрга ўзгарди. Кейин бир пайт инглиз манбаъларда “Ўртоқ Ислом” номи остида юрди. Ахир ношир тўхтаган ном китоб муқовасида мана шу шаклда қарор топди.

Савол: Сизнинг асарларингиз ташиган сўфиёна моҳиятни уққан ўқувчи тариқат йўлига кирган шоирнинг Усама бин Лодин билан учрашувидан нимани англаши керак? Бу соликнинг мақсади чиппакка чиқанини англатадими ва ёки тескариси?

Абдулҳамид Исмоил: Роман ‘reality novel’, яъни воқеий роман атамаси остида нашр этиляпти. Шунинг учун ҳам менинг наздимда эмас, ана ўша шоир наздида балки “йўлга турдингми, бу йўлни сўнггига қадар босиб ўтишинг керак,” деган фикр ҳокимдир. Ҳаёт, боя айтганимдек, оқу қорадану кулранг миёнадан иборат эмас, албатта. Муҳими шуки – бу шоир тақдир тақозоси билан ўз ватанида ўз укасининг жасадини қамоқдан олгач, мамлакатни тарк этиб, Пир ўрнига ўзини Хоиту, толиблар орасида топган экан, у фикрлаш, атрофидаги дунёнию воқеъликни идрок этиш қобилиятини йўқотмайди. Романга иккинчи қисм бўлиб кирган унинг асари ана шу фожеий идрок маҳсулидир.

Савол: Асарингиз ёзувчи тахайюлидан ташқари, жонли тарихий воқеаларга ҳам бой. Энг сўнггида уларга қандай қилиб имконли бўлганингиз тарихчасига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

Абдулҳамид Исмоил: Дунё адабиёти, агар сезаётган бўлсангиз – журнализм томон кетмоқда. Кўплар эндиликда тахайюлу, ақл ўйинларига ром бўлмай, “ҳақиқий” воқеаларга муштоқ. Бу роман бир маънода ана ўша “журнализм”, “воқеъликка садоқатни” ич-ичидан қўпоришга ҳаракат қилган бир асар. Айтмоқчи бўлганим – ҳужжат деган нарсалар аслида тўқима бўлиши мумкин, тўқима деб билган нарсангиз эса, ҳужжатли воқеа бўлиб чиқиши мумкин. Ҳақиқатнинг тажаллию инъикослари турфа хилдир. Бироқ жиддий айтадиган бўлсам, Ўзбекистоннинг сўнгги 20-26 йил тарихию, Толибон Афғанистонию, исломий жангарилик тарихини ўзим гувоҳ бўлиб, ўзим астойдил ўрганганман албатта. Романнинг ҳужжатларга боғлиқ қимлари учун ҳаётимизнинг ўнлаб йиллари сарфланган. Бир киши айтган экан: “Бу китобни бир соатда ўқиб чиқишингиз мумкин, лекин ёзилиши учун ўнлаб йиллар тадқиқот кетган,” деб; бир маънода бу асар ҳақида ҳам шундай деса бўлади.

Энди инглиззабон ўқувчи Америкадан Австралия қадар дунёнинг исталган бурчагида таниқли Ўзбек ёзувчисининг романи билан таниша олади. Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу Абдулҳамид Исмоилнинг Ғарб ўқувчиси эътиборига ҳавола этилаётган илк асари эмас. 2006 йилда унинг “Темир йўл” номли романи ҳам Ғарбдаги энг йирик нашриётхоналарнинг бири томонидан инглиз тилида босмадан чиққан. 1992 йилда Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ёзувчи Абдулҳамид Исмоилнинг асарлари, бундан ташқари, Франция, АҚШ ва Россияда ҳам нашр этилган. Аммо унинг ижоди намуналари ҳали-ҳануз Ўзбекистонда тақиқланган. Абдулҳамид Исмоилнинг асарлари Буюк Британиянинг Rossica ва Американинг Aatsee адабий совринларига ҳам лойиқ, деб топилган. Адабиёт оламида ўз моҳияти, ўз сўзи, ўз тили ва ўз услубига эга таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоил икки йилдирки, Би-би-си Жаҳон Хизмати қошидаги ёзувчиси мақомида ҳам қалам тебратиб келади.

Манба: Би-би-си