Карнеги жамғармасида Савицкий ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилади

Нукусдаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи директори Мариника Бабаназрова бугун Карнеги фондида “Ёпиқ санъат саҳроси” ҳужжатли фильмида И.В.Савицкий  музейининг ноёб экспонатлари ҳақида сўзлайди. Бу ҳақда “Ипак йўли” янгиликлар лентаси хабар тарқатди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Савицкий музейи Марказий Осиё халқлари кўҳна маданияти ва амалий санъати, рус авангарди коллекцияси ўрин олган дунёдаги йирик музейлардан бири бўлиб, унда 90 мингдан ортиқ экспонатлар ўрин олган. Мазкур музейда қадимги Хоразм маданиятидан тортиб, замонавий Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон рассомлари асарлари ҳам жой олган.

Мутахассислар Савицкий музейини қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидан кейин туристлар учун энг жозибали маскан сифатида эътироф этишади. Чунончи, The Guardian газетасининг ёзишича, Игорь Савицкий музейи дунёдаги энг нуфузли музейлардан ҳисобланади.

“Ёпиқ санъат саҳроси” ҳужжатли фильми Игорь Савицкий ҳаёти ва ижоди ҳақида бўлиб, унда Савицкийнинг қорақалпоқ заминига келиб қолишидан тортиб, музейни ташкил этиш бўйича қилган ишлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.

SHARE