Ватандошимиз Рўзи Назар билан суҳбат. Дахау ўлим лагеридаги даҳшатли фожиа…

Рўзи Назар. 2005 йил. /Falls Church/, Виржиния штати, АҚШ. Мавлон Шукурзода архивидан.
Рўзи Назар. 2005 йил. /Falls Church/, Виржиния штати, АҚШ.
Мавлон Шукурзода архивидан.

2005 йили, биринчи учрашувимизда, Рўзи Назар жаноблари Вашингтондан сал нарида жойлашган, Виржиниядаги уйи олдида ўзлари кутиб олди ва шинамгина уйига таклиф қилдилар. Рўзи аканинг умр йўлдоши олмон миллатига мансуб Линда хоним, турк тилида ҳам эркин сўзлаша оладиган зиёли аёл экан.  Хоним  бизни ўз яқинларидек жуда илиқ қарши олдилар. Шарқона удумга риоя қилиб, дастурхон ёзиб илтифот кўрсатдилар. Линда хонимнинг гапларига қараганда уларнинг хонадонига Америкага келиб-кетган кўп ватандошларимиз ташриф буюришган экан… Мазкур учрашувлар чоғида, Рўзи Назарни қизиқарли суҳбатга чорлаб, унинг 60-70 йиллик тарихимиз, ўзи иштирок этиб шоҳид бўлган айрим тарихий воқеаларга доир шахсий фикрларини тўлалигича қоғозга туширишга ҳаракат қилдим. Унинг ҳаётини ўрганганиш сайин уруш йилларнинг фожеали манзаралари кўз ўнгимда намоён бўла бошлади… бўлиб ўтган суҳбатлардан бирини сиз, муҳтарам ўқувчиларимизга ҳавола этмоқдамиз.

 Dahau

Дахау ўлим лагеридаги даҳшатли фожиа

Гитлер мағлубиятга учраб, Германия армияси тор-мор этилгач, у билан иттифоқ тузган мамлакатлардаги уюшма ва ташкилотлар бошига ҳам оғир кунлар туша бошлади. Ноаниқлик, ишсизлик, доимий таъқиб тинкамни қуритган эди… Юқорида таъкидлаганимдек, Сталин, Рузвельт ва Черчилль ўртасида Ялтада тузилган шартномага мувофиқ 1939 йил 3 сентябрдан кейин совет фуқароси бўлган ҳар бир киши албатта советлар қўлига қайтарилиши керак эди. Бу ҳақда иттифоқчи қўшинлари-да махсус кўрсатма бор эди. (Инглиз тарихчиси Н.Д. Толстой-Милославский “Жертвы Ялты” номли ҳужжатли-тарихий китобида қуйидаги маълумотларни келтиради: 1945 йилнинг 18 апрелида америкалик ҳарбийлар  Италиядан СССРга денгиз йўллари орқали”Альманзора” пороходида  биринчи репатраантларни жўнатади. Уларнинг кўпчилиги туркистонликлар эди Одессага етиб борганларнинг аксарияти портнинг ўзидаёқ отиб ташланган. – МШ  изоҳи).

Натижада ватанга қайтишни истамаётган 2 миллиондан ортиқ асирга олинган ватандошларимизни каолиция қўшинлари советларга мажбуран қайтардилар. Бир қанча ватандошларимиз орасида бунга норозилик сифатида ўзини ўлдириш ҳоллари учрай бошлайди. Чунки улар тушунар эдиларки, советлар сиёсати бўйича асирга тушган аскарларга “ватан сотқини тамғаси” босиларди ва  биринчи навбатда отишга ҳукм қилинарди…

Биз учун таҳликали кунлар 1946 йилнинг баҳорида  тугади. Бунга икки воқеа сабаб бўлди. 1946 йилнинг март ойида Англия Бош вазири Черчелль АҚШга бориб, Фултон Университетда чиқиш қилиб, кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган “Темир парда” деган терминга асос солади. Черчилльнинг сўзлаган нутқидан кейин иттифоқдошлар орасига совуқлик тушади. Натижада биз ҳам бир оз бош кўтариб юрадиган бўлдик. Лекин, айнан мана шу пайтда ёдимдан чиқмайдиган бир воқеа рўй бердики, мен уни ҳеч қачон унутмасам керак… Германиянинг ўлим лагери деб аталмиш Дахау концлагерида сақланаётган, асосан СССР халқларидан иборат, жумладан, туркистонликлар, озарбайжонликлар ва бир неча власовчиларни, АҚШ қўмондонлиги Ялта конференцияси қарорига мувофиқ мажбуран советларга топширмоқчи эканликларини айтишади. Ҳибсдагилар ёлворишиб, бундай қилмасликларини ўтиниб сўрайдилар, натижа чиқмагач, уларни шу ерда қийнамасдан отиб ташлашларини илтимос қилишади… чунки советлар мамлакатида уларни қийноқлар ва ўлим кутаётганини барча тушунарди. Лекин, америкаликлар Ялта конференцияси қарорини бажаришга мажбур эканлигини билдириб, уларга рад жавобини берадилар.

Шунда, ҳибсдагилар ўзаро келишиб, турмахона назоратчиларининг кўз олдида ўзлари яшаб турган баракка керосин сепиб, ўт қўйиб юборишади… АҚШ ҳарбийлари қанчалик уринишмасин, лекин уларнинг бирортасини жонини сақлаб қололмайдилар. Бу даҳшатли фожеа тезда Европа ва Американинг барча мамлакатлари матбуотида кенг ёритилади ва кўпчиликни ларзага солади…  Бу фожеадан таъсирланган АҚШнинг ҳарбий министри Д. Эйзенхауэр, бундан буён советларга бирорта инсонни унинг хоҳиш иродасига қарши, мажбуран топширишни таъқиқлайди. Айнан бу икки масала, айниқса иккинчи мудҳиш воқеа кейинчалик бизни ва кўпчилик ватандошларимизнинг ҳаётини сақлаб қолди.

Қўлимиздаги “туркиялик талаба” деган, қалбаки ҳужжатлар ҳам  бизни кўп балолардан асраб қоларди. Турк биродарларимиз ўша таҳликали кунларда бизларга жуда катта ёрдам қўлини чўздилар. Уларнинг бундай яҳшилигини ҳеч вақт унутмайман. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, уруш йиллари қирғинбаротда одамларни қириб ташлашларда қатнашган, бегуноҳ одамларни қийноққа солганлар ҳибсга олиниб турмаларга ташланди. Мен эса, урушдан кейин Германияда қолиб, бир неча йил яшадим, уйландим ва фаолият юритдим…

(Рўзи Назарнинг ушбу хотиралари, инглиз журналисти, граф Н.Д.Толстой-Милославский томонидан 1988 йили Парижда “Жертвы Ялты” номли китобида тўлиқ тасдиғини топди: 1946 йилнинг 17 январида Мюнхен шаҳрига яқин жойда жойлашган фашистларнинг ўлим лагери ҳисобланмиш Дахау концлагерида сақланаётган бир неча минг совет аскарларидан 399тасини америкаликлар Ялта келишувига мувофиқ СССРга қайтармоқчи бўлишади. Асосан собиқ власовчилардан ва ўрта Осиё мамлакатлари вакилларидан иборат асирдагилар америкаликлардан уларни СССРга қайтармасликларини сўрашади. Иложи бўлмаса уларни шу ерда отиб ташлашларини ўтиниб сўрашади. Лекин америкаликлар бунга кўнишмайди. Натижада, шу кечанинг ўзида лагерда тинчлик бузилади: бир кечани ўзида 9 асир ўзини осиб ўлдирди; 20таси ўткир пичоқлар билан ўз жонларига қасд қилишди ва ҳ.к. Энг даҳшатлиси, кўпчилик асирлар америкаликларнинг буйруғига итоат қилмай бараклардан чиқишмай эшикларни ичкаридан қулфлаб қўйишади, энг ачинарлиси эса, шу куннинг ўзида бир неча баракалар ўт ичида қолди… Бу фожеа тезда дунё оммавий ахборот воситалари бўйича тарқалди. Бундай даҳшатли воқеани  гувоҳи бўлган кўпчилик америкалик оддий ҳарбийлар ҳам ўзларининг эътирозларини очиқ билдиришди...

Бу воқеадан қаттиқ таъсирланган, ўша пайтда мухожирликда яшаётган Чор-Россияси генерали А.И.Деникин АҚШ генерали Эйзенхауэрга мактуб йўллаб асирларни уларнинг хоҳишига қарши  СССРга қайтармасликка ундайди. Мазкур масала бўйича Рим Папаси Пий XII ҳам Америка генералига махсус хат йўллаб Ялта конференцияси қарорларини қаттиқ қоралайди. Бир оз вақт ўтиб, худди шундай фожеали воқеалар Кемптенда, Форт Дик (АҚШ)да бирин кетин рўй бера бошлади. Шундан кейин Д.Эйзенхауэр асирдаги аскарларни зўрлаб ва мажбуран СССРга қайтарилишига чек қўяди. Лекин, шу кунгача америкалик ва англиялик ҳарбийлар ўзларининг окупация зоналаридан СССРга 2 милиондан ортиқ ҳарбий асирларни мажбуран қайтаришга улгурган эдилар… АҚШ Оқ уй маъмурияти эса, Эйзенхауэрнинг бундай мардонавор қадамини бир неча ой кузатиб туришдан бўлак иложиси бўлмади. Шундан сўнг Англияга қарашли  окупация зонаси раҳбари фельдмаршал Монтгомери ҳамда америкалик генераллар Клей, Беделл Смит, Пэтч ва АҚШ қўмондонлигининг Германия ва Италиядаги сиёсий маслаҳатчилари Мерфи  ва Кирклар ҳам Эйзенхауэр ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Англия бош вазири У.Черчилль эса ўзининг илгариги фикридан бутунлай кечиб, Потсдам Конферен-циясида айнан мана шу масалани кўтариб қайта кўриб чиқишга ундайди, лекин уни ҳеч ким қўллаб-қувватламади…-Мавлон Шукурзода изоҳи.)

 Мавлон  Шукурзода, “Америкалик ўзбеклар.I китоб“. 2007 йил.