Ўзбекистон ахборот агентликлари халқаро талабларга қай даражада жавоб беради?

666666Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда ахборот ҳар доимгидан ҳам тезкор тус олмоқда. У уммон тўлқини сингари кенг кўламли, кучли ва баланд оқимларни вужудга келтиромоқда. Бугун Интернет воситасида ахборот тарқатиш биринчи даражали мавзуга айланиб, соҳа мутахассислари унга энг муҳим масала сифатида қарамоқдалар.

Чунки, ҳар қандай хабарни он-лайн шаклда тарқатиш ва уни олиш барчамиз учун ҳам қулай, ҳам арзон услуб сифатида ўртага чиқди. Шундай экан, мавжуд замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг ва янада фаолроқ фойдаланиб, халқаро медиа майдондаги миллий матбуотимиз сегментини янада ривожлантириш билан боғлиқ масалага жиддий ёндошувимиз давр талаби эканлигини яхши тушунишимиз керак.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 1292 та оммавий ахборот воситалари мавжуд. Босма нашрлар, теле ва радиоканаллар билан бир қаторда, ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган 190та веб-cайт ҳам фаолият юритмоқда. Улар томонидан республикамиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқлар тўғрисида бутун жаҳон аҳлига тезкор ахборотлар таркатишга харакат килинмокда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларимиз замонавий технологиялар, хусусан Интернет ва сунъий йўлдош имкониятларини ишга солмоқдалар.

Эътироф этиш керак, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар ҳақидаги хабарларнинг дунё медиа маконидаги салмоғини оширишда хорижлик мухбирларнинг ҳам ўрни бор. Халқаро ОАВ вакиллари яхши анъанага айланаётган “мега инфотур” дастурлари орқали Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтаётган йирик анжуманлар, саноат кўргазмалари ҳамда маданий тадбирларни ёритишда фаол иштирок этмоқдалар. Шунингдек, ташқи ишлар вазирлигида узоқ муддатли аккредитациядан ўтган хорижлик мухбирлар ҳам республикамизда меҳнат қилишмоқда.

Дарҳақиқат, Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида мамлакатимиздаги етакчи ахборот агентликлари, хусусан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Жаҳон” ахборот агентлигининг фаолияти ҳам алоҳида эътиборга моликдир.

Сўнгги йилларда, таъбир жоиз бўлса, ушбу “хабар ишлаб чиқарувчи асосий корхоналаримиз” томонидан соҳани ривожлантириш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилди. Масалан, янгиликлар, хабарлар, репортажлар, мақолалар ва фото-лавҳа каби қатор анъанавий жанрлар бугунги кун талаблари даражасида мукаммалашиб борди. Энг муҳим томони шундаки, уларни дунё мамлакатларига бевосита узатиш жараёнида янгича технологик кўникмаларга ўрин берилиб, айрим натижаларга эришилди.

Лекин жаҳон бўйлаб кенг тарқатилаётган ана шу хабар, мақола ва материаллар тили ҳамда услуби жиҳатидан халқаро стандартларга мос келадими? Хорижлик оддий ўқувчилар ва мутахассислар бу масалада қандай фикрда?

Айнан шу маънода мазкур агентликларимизнинг Интернетдаги расмий веб-саҳифаларини олиб қарайдиган бўлсак, мавжуд ютуқ ва камчиликларни қисман бўлса-да, қиёсий шаклда таҳлил қилиб ўтиш мумкин.

Албатта ЎзА сайти етакчи хорижий тиллар сонининг кўплиги билан ҳам анча ажралиб туради. Бу ерда ҳозирги пайтда республикамиз ҳаётига доир долзраб ахборотлар ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой тилларида бутун жаҳонга тарқатилмоқда.

Бундан ташқари, ЎзАнинг янада муҳим ютуқлари қаторида, сайтнинг оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири “Twitter”га бевосита уланганлиги унинг ўқувчилар доирасига чуқурроқ кириб бориш имкониятини яратган, дейиш мумкин.

Шунингдек, мана бир неча йилдирки, мазкур веб-саҳифанинг мобиль версияси ҳам фаолият олиб бормоқда. Бу ўринда агентлик уяли алоқа телефонларига хабар узатувчи Ўзбекистондаги саноқли оммавий ахборот воситаларидан бири эканлигига алоҳида эътибор қаратиш керак.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг сайти ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида фаолият юритмоқда. Улар орасида араб тили бўлими деярли янгиланмайди.

Ҳар иккала сайтда айрим қўшимча ишларни, жумладан замондошлар талаби ва дидига мос бўлган янгиланишларни амалга ошириш керак. Мисол учун, он-лайн ёки офф-лайн тарзда видео ҳамда аудио-лавҳаларни жойлаштириб бориш мумкин. Бу албатта доимий мухлислар сонининг янада ошишига хизмат қилади.

Бундан ташқари агентликлар журналистларни қизиқтирган бирон бир долзарб мавзуда Интернет орқали ёки бевосита матбуот анжуманларини ҳам ташкил этишлари мумкин.

Тан олиш керак, uza.uz саҳифасининг дизайни замонавий талабларга қисман бўлса-да жавоб бера олади. Муҳими, фойдаланишга анча қулай. Уни такомиллаштириш бўйича ишлар мунтазам бажарилаётганлигини кузатиш мумкин.

Янгиланишлар ва ўзгаришларни, афсуски, jahonnews.uz саҳифасида ҳар доим ҳам кузатиб бўлмайди. Масалан, сайт дизайнининг сўнгги маротаба қачон қайта ишланганлиги ҳозирча эслай олмадик.

Бу ерда хабарлар оқими нисбатан кам. Мақола ва материаллар орасида ёрқин муаллифлик ишлари умуман кузатилмайди. Хориждаги тадбирлар ҳақидаги “навбатчи” мақолалар такрорий сўз ва иборалар билан берилиши одатга айланган. Шунингдек, аксарият хабарларда оперативлик етишмайди. Ваҳоланки, бундай ҳолат ўқувчини бездириб қўйиши мумкин.

Ҳаммага маълум — ахборотнинг оддий учта тамали бор: ҳар қандай хабар ким (ёки нима), качон ва қаерда саволларига жавоб бериши керак. Агентликларимиз тарқатаётган хабарларда эса ҳар доим ҳам ушбу «қонунлар»га амал қилинмаяпти. Шу сабабли бўлса керак, мазкур сайтларга ташриф буюрувчиларнинг сони унчалик кўп эмас.

Қуйидаги ҳисоботга бир эътибор беринг. www.uz миллий қидирув тизимидан олинган маълумотга кўра, uza.uz сайтини кунига ўртача ҳисобда 1200-1500 киши кириб кўрар экан, холос. jahonnews.uz саҳифасининг кундалик мухлислари сони эса ундан ҳам камроқ, яъни бор-йўғи 230-250 кишидан ошмаётганлигини тушуниш қийин.

Афсуски, яна бир агентлигимиз — “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлигининг веб-саҳифасини ушбу мақолани тайёрлаш пайтида кириб кўриш имконияти бўлмади. Телефон орқали суриштирилганида ушбу сайт техник сабабларга кўра ишламаётганлиги маълум қилинди. Назаримизда бу камчиликни зудлик билан тузатиш керак.

Хўш, мавжуд ахборот агентликлари сайтларининг бугунги аҳволи ҳақида мамлакатимиздаги ва хориждаги оддий ўқувчилар ҳамда мутахассисларнинг фикри қандай?

Япония-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг аъзоси Казуко Окуининг таъкидлашича у мазкур бу сайтларда бериладиган хабар ва янгиликларни мунтазам равишда кузатиб боради.

Дарҳақиқат, дейди у, бу ерда эълон қилинадиган мақолаларнинг баъзилари, назаримда, ортиқча сиёсийлаштирилган. Гоҳида шахсий билим ва тажриба етишмаслиги сабабли уларни бир ўқишда тушуниб олиш қийин кечади. Лекин, эътироф этиш керак, хорижий ўқувчилар учун ушбу веб-саҳифалардаги журналистик материалларнинг айримлари қизиқарлидир.

Япониялик муштарийнинг қайд этишича, ўзбекистонлик мухбирларнинг ижодий фаолияти ўзига хосдир. Уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, куюнчаклиги ва ўз Она Ватанлари тақдирига бефарқ эмасликлари қувонарли ҳол, албатта.

Шу боис бўлса керак, дейди К.Окуи, уларнинг айримлари билан яқиндан дўстлашишдан бениҳоя хурсандман. Дарвоқе, мана қарийб ўн беш йилдан буён бизнинг Япония-Ўзбекистон дўстлик Ассоциациямизга раислик қилиб келаётган жаноб Нобуҳико Шима ҳам таниқли журналист ҳисобланади.

12.uz сайтининг Бош муҳаррири Дилшод Мансуров фикрича, Интернетда газеталар, журналлар ва адабиётларнинг электрон дўконлари фаолиятини шакллантириш керак. Шунингдек, миллий доменда вақтли матбуотдан ташқари, ўзбек адабиёти ютуқларини, шоир ва ёзувчиларнинг янги асарларини янада тўлароқ эълон қилиб бориш лозим.

Бу борада республикадаги айрим нашриётларда дастлабки лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг Интернет саҳифасида ҳам ушбу йўналишдаги янги ишлар йўлга қўйилиши режалаштирилган, дейди Д.Мансуров.

Туркиялик журналист Аҳмад Гулнинг гувоҳлик беришича, ҳозирги пайтда чет элларда ўзбек матбуотининг етакчи хорижий тиллардаги, жумладан инглизча нусхаларига эҳтиёж жуда катта.

Ўзбекистондаги ОАВ сайтларида қатор хорижий тилларда ахборотлар берилаётган бўлса-да, афсуски, улар ҳар доим ҳам четдаги ўқувчининг талабига, қолаверса дидига мос келавермайди, дейди А.Гул.

Даниялик инглиз тили мутахассиси Фелисити Тимкининг таъкидлашича, у uza.uz ҳамда jahonnews.uz сайтлари билан яқиндан таниш. Бу веб-саҳифалар орқали Ўзбекистоннинг бугунги ҳаёти ҳақида жуда кўп маълумотларни олиш мумкин.

uza.uz саҳифасини олиб қарайдиган бўлсак, дейди Ф.Тимки, у шахсан мен учун анча оғир. Фикримча, авваламбор сайтни навигация қилишнинг ўзи қийин. Чунки, айрим бўлимлар, хусусан инглиз тилидаги “компьютерлаштириш” бўлимига ахборот умуман қўйилмаган, бўм-бўш.

Аммо мен ўқийдиган инглиз тилидаги хабарлар ва мақолалар баъзи ҳолларда услубий таҳрирга муҳтождек кўринади, дея ўз фикрини давом эттиради. “Шу туфайли бу борадаги муҳаррирлар ишини янада жонлантиришни тавсия қилган бўлардим. Чунки инглиз тилидаги материалларда ортиқча сўзлар жуда кўп. Улар услубий жиҳатдан кучсиз. Эскича ва кераксиз ибораларга кенг ўрин берилган. Яъни бу ўринда инглизча “wordy” ёки “stoic” сўзларининг луғавий маъносини ҳурматли муҳаррирлар яхши англашади, деб ўйлайман”.

Ишончим комилки, дейди даниялик мутахассис, юқоридаги агентликда хорижий тилларни биладиган етук журналистлар, ўз ишининг усталари меҳнат қилишмоқда.

jahonnews.uz веб-саҳифаси тил борасида ҳамкор сайтдан бироз орқада, дея таъкидлай Ф.Тимки. “Бу билан ундаги инглиз тилини асло ёмон демоқчимасман. Балки бу ердаги хабарлар ҳам uza.uz каби “эскича” услубий шаклда берилаётганини таъкидламоқчиман, холос”.

“Ҳар ҳолда улар мен билган 10-15 йил олдинги даврга қараганда анча илгарилаб кетишган. Шундай эса-да санаб ўтилган жузъий камчиликлар, яъни инглизча матнларнинг кучсизлиги уларнинг бевосита оригиналдан эмас, балки рус тили орқали таржима қилинганлиги билан боғлиқ бўлса керак”.

Унинг қайд этишича, хорижий аудитория учун тайёрланаётган мақолалардаги фикрларнинг “учинчи шахс”да баён этилиши яхши. Лекин “мамлакат” сўзининг ўрнига “бизнинг мамлакатимиз” каби журналистик нуқтаи назардан ноўрин ибораларга йўл қўйиб бўлмайди.

Лекин, тан олиш керак, “Жаҳон” сайти, баъзи бўлимларнинг тўлдирилмаганлигини инобатга олмаганда, нисбатан содда ва равонлиги билан чет эллик ўқувчи учун анча қулайдир, дея ўз фикрини якунлайди Ф.Тимки.

“Франс-пресс” агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Муҳаммадшариф Маматқулов мавзуни давом эттирар экан, жумладан шундай деди: — ЎзА ва “Жаҳон” сайтлари масаласига келсак, мен учун бу ҳақда фикр айтиш қийин, балки ўта қийин. Чунки мен айтган фикр кимлардир томонидан тўғри қабул қилинмайди. Шундай бўлсада, айрим мулоҳазаларимни айтмоқчиман.

Аввало, бу икки агентликнинг хабарларини жаҳон стандартлари билан қиёслаб бўлмайди. Биласиз, жаҳон тажрибасида биринчи ўринда хабарнинг аҳамияти ва тезкорлиги, қолаверса ким учунлиги туради, дея мулоҳаза юритади у. ЎзА ва “Жаҳон”да бу нарса кўринмайди. Сифатига келсак, ЎзА хабарларининг кўпчилиги классик услубда ёзилган бўлиб, хабарчилик техникасига тўғри келади (масалан, фалон жойда фалон куни кичик корхона очилди, ёки кўприк қурилди, деган), бироқ хабарнинг мазмуни бутунлай бошқа масала.

М.Маматқулов фикрига кўра, бу каби масалаларда ЎзА ва “Жаҳон”ни қўшни мамлакатлар, масалан қозоқ, қирғиз ва тожик хабар агентликлари билан солиштириб кўриш кўп нарсани ойдинлаштиради. Бу агентликлар одамларни кундалик қизиқтирган масалаларда жонли хабарлар ёзади, хоҳ сиёсий, хоҳ ижтимоий мавзуда бўлсин.

Шу маънода ЎзА вебсайтининг хорижий тилларда экани унинг қадрини заррача оширмайди, дейди “Франс-пресс” мухбири. “Чунки ўлик хабарни қайси тилга таржима қилманг, ўлик ҳолича қолаверади”.

Бу икки агентликнинг инглиз тилидаги саҳифалари сифати грамматик жиҳатдан тўғридир, лекин хабар агентлиги, журналист тили эмас, протокол тили ўлароқ ўта примитивдир, дейди у. Шу ўринда бизда кўп гапириладиган “миллий журналистикани жаҳон стандартларига кўтариш” масаласида бир фикр айтмоқчи эдим. Ўзингиз яхши биласиз, “техник”, “интернет”, “алоқа воситалари ривожи” ва “ситизен журнализм” кабиларнинг юзага келаётгани туфайли тезкорлик ва хабарнинг мазмуни ва аҳамияти юқори ўринга чиқмоқда, шекилли. Шу сабаб тил жиҳатдан энг юқори сифатда ёзилган хабардан кўра ўрта ҳол тил ва услубда ёзилган жонли хабарнинг қадри кўпроқ бўлиб қолмоқда, деган фикрни илгари суради М.Маматқулов.

Россиядаги ИнфоШОС портали ва ИнфоРос ахборот агентлиги бош муҳаррири Татьяна Синицинанинг таъкидлашича, у кундалик иши жараёнида uza.uz/ru сайтига мурожаат қилиб туради. “Қайд этиш жоизки, ЎзА веб-саҳифасидаги асосий жанр бу – анъанавий ахборот жанри ҳисобланади. Лекин ҳар доим ҳам мазкур жанрнинг темир қоидаларига риоя қилинавермайди. Аниқроқ гапирадиган бўлсам, услубий жиҳатдан камчиликлар бор”, дейди у.

Аслида, тегишли рақам ва фактларни аҳамиятига қараб жойлаштириш, фикрни қисқа, лўнда ифодалаш, ортиқча баландпарвоз сўзларни ишлатмаслик лозим. Аксинча, бундай ҳолат холис ахборот шаклини ўзгартириб юбориши мумкин. Булардан ташқари хабарлар матнини ёзишда унинг кириш қисмига, айнан биринчи гапнинг тузилишига кўпроқ эътибор қаратиш керак. Асосий мавзуни ёрқин сўзлар билан бошлаб туриб, “ўқувчи эътиборини чулғаб олиш” лозим.

Одатда ЎзАнинг хабарлари батафсил ва кенг ёритилади, дейди Т.Синицина. Уларда журналистиканинг мумтоз талаблари асос қилиб олинган: бирон бир янги воқеа-ҳодиса тўғрисида хабар берилади, сўнгра у билан боғлиқ нима, ким, қаерда каби қатор саволларга жавоб берилади. Аммо айрим ҳолатларда ахборотлар, чамамда, керагидан каттароқ ҳажмда ифода этилади.

Ваҳоланки, ахборот жанри, қатъий, аниқ ва қуруқ сўзлар асосида қурилади. Шу боис “ватанимиз”, “халқимиз”, “серқуёш диёримиз”, “бепоён далаларимиз” сингари эмоционал бўёқларни фақат ўз ўрнида қўллаш керак. Ахир бугунги кунда нафақат хорижлик ўқувчи, балки мамлакат фуқаросини-да баландпарвоз, қизиқарсиз хабарларни ўқишга мажбурлаш қийин. Хуллас, чиройли сўз ва муқаддас ибораларнинг сийқасини чиқаришга йўл қўйиб бўлмайди.

Шунингдек, эркин ёзиладиган таҳлилий мақолаларда мухбир ўзининг шахсий, субъектив фикрга катта урғу бериб, чап ва ёки ўнг томондаги экспертлардан ўзини юқори тутишга маънан ҳақи йўқ. У ўртада, нейтрал бўлиши керак.

Россиялик мутахассиснинг фикрига кўра, юқоридагилардан ташқари айрим мақолаларда рус тили грамматикаси ва унинг бошқа умумий қоидаларидан тўғри қўлланилган, деб бўлмайди.

Т.Синицинанинг қайд этишича, жаҳон журналистикаси архитектоникасига таркибий бўлим сифатида кириш, эътибор қозониш учун халқаро майдонда қабул қилинган айрим стандартларга мослашиш керак.

Экспертлар фикрига таянган ҳолда шуни хулоса қилиш мумкинки, ахборот тарқатиш жараёнида Интернетнинг мислсиз имкониятларидан фойдаланиш борасида ҳали ҳамон сусткашликка йўл қўймоқдамиз.

Юқорида санаб ўтилган етакчи ахборот агентликларидан ташқари, даврий матбуот нашрлари, хусусан газета ва журналлар замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишга шошилмаяптилар. Бу мавзуда олдинги мақолада атрофлича фикр юритилган эди (Интернет газеталар кўпаяди…ми?, “Ҳуррият”, 11 июль, 2012 йил).

Тўғри, замон ўзгармоқда. Айниқса, матбуот соҳасида навбат кутиб турган, бошқача айтганда, эшигимизни анчадан буён тақиллатиб турган янгиланишларнинг ўз “уйимиз”га кечикиб кириб келишларига асло йўл қўя олмаймиз. Чунки, бизни ахборот соҳасидаги ана шу янги технологиялар, ўзгаришлар яна бир-икки йил пойлаб турадиган бўлсак, кўп минг сонли ўқувчиларимиз аудиторияси, айниқса, ёш авлод бу жараённи узоқ кутиб тура олмайди.

Оммавий ахборот воситаларининг аънавий кўриниш мутлақо янги кўриниш касб этмоқда. Биринчидан Интернетнинг босма матуботга нисбатан арзонлиги ва иккинчидан унинг кескин тарзда оммавийлашиб кетиши соҳадаги анъанавий тушунчаларни гўёки “синдириб” ташлади.

Дарвоқе, дунёдаги энг йирик журналлардан бири, қарийб 80 ёшга кирган “Ньюзуик” яқинда биз яшаётган дорилфанодан кибермаконга кетадиган бўлди. Маълумки, ўтган даврда шу каби “континентлараро” газета ва журналлар юз-икки юз минглаб, баъзан эса миллионлаб тиражда босилганлигига тарих гувоҳ бўлди. Улар фақат биргина мамллакат ёки минтақа ҳудудида эмас, балки дунёнинг турли бурчакларида қўлма-қўл мутолаа қилинди.

Эсимда, 90-йилларнинг охирида “Ньюзуик”нинг Лондондаги таҳририяти биносида ўтказилган ижодий учрашув чоғида бу гигант компаниянинг нуфузи ва техник имкониятини қисман кўздан кечиргандим. Лекин бугунги кунга келиб (яхши маънодаги) “аждарҳо” нашрнинг ёпилиши кўпчилик соҳа экспертларини ўйлантириб қўйди.

Хуллас, “Ньюзуик” журналининг анъанавий босма шакли охирги марта 2012 йилнинг 31 декабрида нашр этилади, шу билан тамом. Кейинчалик у фақат электрон шаклда чиқарилади. Ушбу оламшумул воқеа, экспертларнинг фикрига кўра, барча даврий нашрлар ҳаётидаги янги “электрон” эрани бошлаб беради.

Тўғри, бу табиий ҳолат. Чунки газета ва журналларни икки кўча наридаги киоскадан сотиб олмасдан, ёки почтачи хизматини кутиб утирмасдан, қўл остидаги Интернет воситасида бевосита ўқиб қўйиш афзаллигини кўпчилигимиз тушуниб етдик. Эндиликда таҳририятлар янги кўникмага ўрганишлари, ўз нашрларининг электрон версияларини жаҳон андозаларига мос равишда такомиллаштириб боришлари керак.

Дарвоқе, бугунги кунда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчиларнинг сони қарийб 10 миллионга яқинлашди, ер шари веб-аудиториясининг миқдори эса 2 миллиард, яъни, умумий аҳолининг 30 фоизидан ошиб кетди.

Қайд этилган агентликлар қаторида республикамиздаги қатор газеталарнинг сайтлари ҳам Интернетда тобора фаоллашиб бормоқда. Улар орасида http://ut.uz/, www.narodnoeslovo.uz, www.uzbekistonovozi.uz, www.uzhurriyat.uz, www.jamiyatgzt.uz, www.marifat.uz, www.mohiyat.uz каби тармоқлар бор. Аммо уларнинг ҳаммаси ўз вақтида янгиланиб бормоқда, дейиш қийин.

Булардан ташқари, вилоятларда чоп этилаётган ҳудудий газеталар ҳам Интернет орқали ўз ўқувчилари сони ва географиясини бир мунча кенгайтиришга эришмоқдалар. Айниқса, “Зарафшон”, “Андижоннома” сингари нашрлар сайтлари эътиборга моликдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда нафақат ахборот агентликлари, телерадиоканаллар, балки босма матбуот ва умуман барча оммавий ахборот воситаларининг Интернетдаги фаолиятларини янада такомиллаштириш вақти келди. Ушбу жараённи янада тезлаштириш кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади.

Муаллиф: Беруний Алимов, журналист.
Манба: 12news.uz  ахборот агентлиги.