Қозоғистон Бош вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди

    7457

    Қозоғистон Республикаси Бош вазири Серик Ахметов Ўзбекистонга ташриф буюрди. Уни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақада сувдан одилона фойдаланиш тизимини ривожлантириш масаласида келишилган ягона позицияга эга бўлиб, у икки давлат президентларининг 2012 йил 7 сентябрда имзоланган Қўшма баёнотида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур ҳужжатда сув-энергетикага оид масалаларни, жумладан, трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотлар қуриш масаласини БМТ конвенциялари ва минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, албатта халқаро мустақил экспертизадан ўтказиш орқали ҳал этиш кўзда тутилган.

    Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва барқарор ривожланмоқда. 2011 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 47 фоиз ўсган ва 2,8 миллиард АҚШ долларига етган. 2012 йилнинг ўн ойида ушбу кўрсаткич 2,3 миллиард долларни ташкил қилди.

    Қозоғистон Бош вазири, шунингдек, Ўзбекистон Бош вазири билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги билан Қозоғистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазирлигининг техник тартибга солиш ва метрология қўмитаси ўртасида Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Қозоғистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида Ишбилармонлик кенгашини тузиш тўғрисида битим имзоланди.

    SHARE