ХАЛҚҚА ҚАНДАЙ ҚЎШИҚ КЕРАК? “ЎЗБЕКНАВО” – БОШ ТАРБИЯЧИ!

hmyMwҚўшиқ – сеҳрли. Бу сеҳр шундай намоён бўладики, у қалбингиз билан “тил топишиб”, ўз оламига чорлайди. Сиз хаёлларга беланасиз, бир баҳя бўлса-да, орзулар оғушига шўнғийсиз, кўзёш тўкасиз, дардингизга малҳам топасиз… Қўшиқнинг асл кучи мана шунда. Бироқ азалий бир ҳақиқатни унутмаслик даркор – қўшиқ маънавият озуқаси. Шундай экан, уни “заҳарлаш” тингловчига душманлик қилиш билан баробар! Қўшиқнинг асл кучини, вазифасини сақлаб қолиш “олтин учлик”ка бориб тақалади: шоир, бастакор, хонанданинг ижодий ҳамкорлиги! Улардан биронтасининг айниши эса учбурчакнинг мустаҳкамлигини бузади. Бу ҳамкорлик шундай қонунга амал қилиши керакки, улар бир-бирини тўлдириб, бойитиши зарур. Шоир ёзган шеърнинг мағзини хонанда моҳиятан англаб етмаса, бастакор юрак торларини чертадиган даражада ҳис қилиб куй басталай олмаса – яратилган қўшиқ тануззулга юз тутиши табиий. Бундай ижодий маҳсулот оммага етиб боролмайди, борса ҳам тингловчи ғашига тегишдан нарига ўтмайди. Пишмаган қўшиқни атайлаб тингловчи онгига сингдириш, айнан шу жараёнга йўл қўйиб бериш эса нафақат ижодкорларнинг балки, санъатга масъул инсонларнинг энг катта хатоси ҳамдир.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг сўнгги йиллардаги фаолияти борасида сўз кетганда, зиммасидаги вазифага бефарқ бўлмаётгани таҳсинга арзигулик. Бу фикр ёлғон хаспўшлашдан йироқ. Сабабики, бирлашма ўз ғояларини амалда ифодалаб, исботлай оляпти. Давра суҳбатлари, журналистлар билан юзма-юз мулоқот, жонли ижродаги концертлар фикримиз далилидир. Билдирилаётган ўткир танқидий қарашлар, мулоҳазалар ва баҳс – санъатнинг бугунидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва келажаги учун қайғуришдир. Ижод аҳли бугунги тингловчига қандай қўшиқлар беряптию, униб-улғаяётган авлодга қандай мерос қолади? Ташкилот номига ишлаяптими – ишлаяпти қабилида иш тутса, виждон олдида бош эгилиши табиий. Халқ, Ватан олдидаги қарзи ва фарзини унутмаётган масъул раҳбарларнинг соҳада олиб бораётган сайъ-ҳаракатлари эса қадрли.

Яқинда Миллий Матбуот Марказида бўлиб ўтган “МИЛЛИЙ ЭСТРАДА САНЪАТИ: ШОИР, БАСТАКОР ВА ХОНАНДА ҲАМКОРЛИГИ ДАВР ТАЛАБИ” мавзуидаги давра суҳбати кутилмаганда қизиқ баҳс-мунозараларга бой бўлди. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров ва элимиз ардоғидаги бир неча санъаткорлар Озодбек Назарбеков, Алишер Файз кабилар, таниқли шоир ва бастакорлар, ОАВ ходимлари “олтин учлик” ҳамкорлигидаги бугунги долзарб муаммо ва ютуқларни юз-юз муҳокама қилишди. Навбати келганда, суҳбатга бошқа мавзу ҳам аралашди. Журналистларнинг санъаткорлар кийиниш маданиятидаги камчиликлар, очиқ-сочиқлик борасидаги жиддий фикрларига жавобан бирлашма раҳбарияти яқин орада бу борада ҳам ижобий ечимга эришилиши ҳақида ўз аниқ мулоҳазаларини баён этди.

Бу давра суҳбати биринчиси эмас. “Ўзбекнаво” сўнгги йилларда омма билан очиқ мулоқотга киришаётгани ва таҳсинга арзигулик натижаларга эришаётганини алоҳида урғулаш керак. Санъаткорлар хулқи, одоби мукаммаллигига эришишда, ёшлар олдида Ватан дея бонг ураётган куйчиларнинг ўз ватанпарварлиги ва фидойилигини ҳам юксалтиришда “Ўзбекнаво” юракдан ишлаётгани раҳбарнинг ўз курсисига муносиблигидан нишона! Таъбир жоиз бўлса, янги нақл ҳам пайдо бўлган: “Раҳбарингнинг кимлигини айт, ташкилотинг қанақалигингни кейин мен айтаман”. Азамат Ҳайдаровичга мана шундай хайрли тадбирларнинг бардавомлигини таъминлашда ғайрати ва шижоати толмаслигини тилаб қоламиз. Аҳилликда, бир ёқадан бош чиқариб ташкил этилаётган бундай “тарбия соатлари” янги ғалабаларга етаклайди!

Муаллиф: Жасур ҲАМРОЕВ

P/S: «Ўзбекнаво”нинг “Истиқлол”да ўтказган жонли ижродаги қўшиқлар фестивалидан ўриндиқ бўйича 4000 дан ортиқ томошабин баҳраманд бўлди десак адашамиз. Ахир, икки қулоқ, икки кўз бу рақамни икки карра орттиради. Таассуротларни бошқалар билан бўлишиш эса яна шунча ҳиссани кўпайишига тасъсир қилади. Аслида ушбу фестивал юқоридаги хайрли ишларнинг етилган меваси, ҳосилидир! “Ўзбекнаво” “Истиқлол” саҳнаси анча йиллардан бери, мухлислар эса жуда узоқ соғинган – жонли ижродаги концертни тақдим этишни уддалай олди! Шоир, бастакор ва қўшиқчи юрак бериб яратган қўшиқлар (компьютернинг ортиқча дастурларига, безакларига муҳтож бўлмаган) саҳнада жонли, борича янграб, нечта қалбнинг торини чертиб, уларнинг чин раҳматини қозонди. Бу юрак дуоси дегани! Демак, шунча ҳаракат бесамар кетмабди! Олға, “Ўзбекнаво”!

***

soIwq

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси йил якунлари бўйича Жасур Ҳамроев  “ЭНГ ЯХШИ МАҚОЛА” номинациясида ғолиб деб топилиб, маҳсус диплом билан тақдирланди. Vatandoshчилар Жасурни бу ғалаба билан табриклаб, келгуси ижодий ишларига зафарлар тилайди.