28 dekabr- ustoz Erkin Vohidov tug’ilgan kun

68987_303045343150141_1110980904_nМен бир минг тўққиз юзу ўттиз олтинчи йилнинг… Йўқ, мен таржимаи ҳолимни туғилган кунимдан эмас, илгарироқдан бошлашим керак экан. Менинг дунёга келишим тарихи бундай бўлган: минг тўққиз юз ўттизинчи йилда тошкентлик ёш ишчи Каримжон йигирма беш мингчилар қаторида коллективлаштириш ишида қатнашиш учун Фарғонанинг Олтиариқ туманига сафарбар қилинади. У оиласи-хотини, чақалоқ қизи, ўн беш ёшлик снглиси билан Олтиариққа кўчиб боради. Ўша пайт Тошкент педтехникумининг сиртқи толибаси бўлган синглиси Розияхон тез орада география ўқитувчиси дипломини олади ва қишлоқ мактабида дарс бера бошлайди. Тақдир қизни бу ерда ёш муаллим Чўянбой Воҳидовга дуч қилади ва бу никоҳдан… Мана энди таржимаи ҳолимни бошласам бўлади. Мен бир минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилнинг йигирма саккизинчи декабрида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида қишлоқ ўқитувчилари оиласида туғилганман. Бу оилада биринчи фарзанд қиз бўлиб, у гўдаклигида зотилжам касаллигидан вафот этган экан. Укам Элбурсни эслайман. Мендан уч ёш кичик эди. Қизамиқ билан оғриб икки яшарлигида ўлган.
Отамни Олтиариқнинг ўқимишли, обрўли одамларидан бўлган деб эслашади. Ундан сабоқ олган, шогирд бўлган, бирга ишлашган одамлар мен ҳар гал қишлоққа борганимда отамнинг ишларини, гапларини хотирлаб айтиб беришарди, қувноқ, дилкаш, сўзга чечан одам бўлганлигини эслашади. У тарих муаллими, сўнг турли нуфузли ташкилотларда ишлаган. Иккинчи Жаҳон урушининг дастлабки йилларида фронтга кетиб, бош миясида осколка жароҳати ва ўпка шамоллаш касали билан қайтиб келди, минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилда ўттиз уч ёшида Тошкентда Олмазордаги касалхонада вафот этди. Бир йилдан сўнг онам ҳам дунёдан ўтди. Икки қисқа умрнинг ёлғиз ёдори бўлиб мен тоға қўлида қолдим.
Урушдан аввалги даврдан кўз олдимда қолганлари: отам Марғилонга ишга тайинланган эди. Кеч куз ёмғир билан қор аралаш ёғиб турганда Олтиариқдан Марғилонга кўчганмиз. Занжирғилдиракли тракторга прицеп уланган, унга юкларимиз, шкаф, сандиқ, кўрпа-тўшаклар ортилган эди. Йўлда прицепнинг ғилдираги ариққа тушиб кетган ва юкларимиз ағдарилган эди. Мен онам, эмизикли укам билан кабинада ҳайдовчи ёнида ўтирган эдик…
Тол новдасидан ясаб олган “тойчоғим”ни миниб билқиллаган иссиқ тупроқ кўчада чанг кўтариб чопиб юрганларимни эслайман.
Отам фронтда эканида онам қишлоқ советида секретарь вазифасида ишлар, қийинчилик билан кун кечирар эдик. Жўхори поясини шимиб тилимни қонатганим, болаларга қўшилиб кунжара еганим учун онам юзимга шапалоқ ургани ва ўзи кечгача йиғлаганини унутмайман. Ўйлаб қарасам, болалик хотираларимнинг кўпчилиги шеърларга, достонларга кўчган экан. “Нидо”, “Қуёш маскани” достонлари, “Болалик”, “Оқсоқол”, “Болалик экан-да…” шеърлари ўша мурғак тасаввур, илк хотираларнинг меваси бўлган.
Тошкентда кечган болалик ва ўсмирлик йилларимдан қолган энг ёрқин эсдаликлар Островский номли пионерлар саройидаги шоир Ғайратий тўгараги ва тоғамнинг хонадонида бўлиб турадиган адабий суҳбатлар билан боғлиқ. Тоғам касби юрист бўлса ҳам адабиёт ва санъатга қизиққан, шеъриятни нозик тушунадиган киши эди. Уйимизга шоир Чустий, хонандалар ака-ука Шожалиловлар, Маъруфхўжа Баҳодиров, кенг билим эгаси бўлган олим, таржимон Алихонтўра Соғуний тез-тез келиб туришар эди. Менинг шеъриятга қизиқишимни сезган тоғам бу суҳбатлардан мени ҳам баҳраманд қиларди. Оддий почта хизматчмси Мулла Шукуржон ака, савдо ходими Акмалхон акаларнинг зукко баҳсларига маҳлиё бўлиб ўтирар эдим. Улар Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулий байтларини таҳлил қилиб, ҳар бирлари ўзларича талқин бериб ўтиришарди. Бу суҳбатлар ичкиликсиз, фақат шеър ва қўшиқ кайфи билан, аския завқи билан музайян бўларди. Афсуски, бундай давралар энди йўқолиб бормоқда.
Пионерлар саройидаги адабиёт тўгарагига қатнашиб юрган вақтимда “Муштум” журналида биринчи шеърим босилди. Шеър тагига 22-мактаб 7-“А” синф ўқувчиси деб исм-фамилиям ёзилган эди. Тўгарак ҳақидаги таассуротим устоз Ғайратий тўғрисида ёзган хотираларимда баён этилган.
Эллик бешинчи ва олтмишинчи йилларни ўз ичига олган “олтин даврим” талабалик умримнинг унутилмас ва ўзлигимдан йироқлашмас бир қисмидир. Бу йилларда биринчи шеърлар китобим “Тонг нафаси” ёзилди, Сергей Есенин шеърларидан таржималар қилдим, Ёзувчилар Уюшмасининг ёш ижодкорлар семинаридаги қизғин баҳслар, улуғ устозлар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзодалар билан илк мулоқот ва учрашувлар, университет даргоҳидаги адабий муҳит ҳаётимда ўчмас из қолдирди.
1960 йилда университетни тугатиб “Ёш гвардия” (ҳозирги “Чўлпон”) нашриётига ишга кирдим. 1963 йилда бадиий адабиёт нашриётига ўтиб, то 1970 йилгача муҳаррир, бўлим мудири вазифаларида ишладим. Бу ўн йил ичида менинг еттита шеърий китобим, Есенин, Украинка, Светловдан қилган таржималарим босилиб чиқди. Ҳамза номли академик театрда(ҳозирги Миллий театрда) “Олтин девор”(1969) комедиям қўйилди. Республикадаги ёшлар мукофотига сазовор бўлдим(1967)
1970 ва 1975 йиллар орасида буюк немис шоири Иоганн Вольфганг Гётенинг “Фауст” трагедиясини ўзбекчалаштирдим. Бу давр ичида ҳеч бир идорада ишламадим. Бор вақтим, кучим, имкониятимни шу ишга сарфладим. Умуман, жаҳон адабиётидан, рус классиклари ҳамда қардош халқлардан қилган таржималаримни тарозунинг бир палласига қўйиб, ўз асарларимни бошқа паллага қўйсам, таржималар оғирлик қилса ажаб эмас. Бу меҳнат менга адабий қардошлик бурчини адо этиш баробарида бебаҳо ижодий тажриба, катта сабоқ мактаби ҳам бўлди.
1975 йилда “Ёш гвардия” нашриётига бош муҳаррир ўринбосари вазифасига тайинланган бўлсам, ўтган ўн икки йил давомида аввал ўша нашриётда бош муҳаррир, сўнг янги ташкил қилинган “Ёшлик” журналида муҳаррир бўлиб ишладим, ниҳоят Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида директорлик вазифасини ҳам адо этдим. Бу давр ичида ўндан зиёд китобим босилиб чиқди, республика Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номли мукофотини, Ҳамза номли Ўзбекистон давлат мукофотини олдим, “Халқ шоири” унвонига мушарраф бўлдим. Истиқлолга эришгач 1999 йили Ўзбекистон қаҳрамони унвони билан тақдирландим.
Бундай қараганда битта шоир қилиши мумкин бўлган ишни қилиб қўйгандекман. Лекин ҳеч қачон қилган ишимдан кўнглим тўлган эмас. Ҳамиша ёзганимдан ёзадиганим муҳимроқ ва азизроқ туюлади. Мен ижодий меҳнатни фаол жамоат ишлари билан қўшиб олиб боришдек шарафли вазифа юкини доимо елкамда ҳис қиламан. Одамларга фақат шеъринг эмас, ўзинг ҳам кераклигингни сезиш-бу катта бахт. Шунинг учун ҳам жамоат меҳнатидан ҳеч қачон ўзимни олиб қочган эмасман. Қайноқ ҳаёт ичида яшаб, ишлаб ўрганганман, гўшанишинлик табиатимга бегона.
Таржимаи ҳолим борича ёзган шеърларимга, юрган йўлларимга, ҳаётимда учраган одамларга сочилган. Мана бу икки сатр ўйлаб топилган эмас, балки кўнгилдан чиққан сўзлар:

Одамлар, сиз менинг ҳаётим,
Ҳар бирингиз умрим парчаси.
0-pero

O`ZBEGIM

Qasida

Tarixingdir ming asrlar
Ichra pinhon, o‘zbegim,
Senga tengdosh Pomiru
Oqsoch Tiyonshon, o‘zbegim.

So‘ylasin Afrosiyobu
So‘ylasin O’rxun xati,
Ko‘hna tarix shodasida
Bitta marjon, o‘zbegim.

Al Beruniy, Al Xorazmiy,
Al Forob avlodidan,
Asli nasli balki O’zluq,
Balki Tarxon, o‘zbegim.

O’tdilar sho‘rlik boshingdan
O’ynatib shamshirlarin
Necha qoon, necha sulton,
Necha ming xon, o‘zbegim.

Tog‘laring tegrangda go‘yo
Bo‘g‘ma ajdar bo‘ldi-yu,
Ikki daryo – ikki chashming,
Chashmi giryon, o‘zbegim.

Qaysari Rum nayzasidan
Bag‘rida dog‘ uzra dog‘,
Chingizu Botu tig‘iga
Ko‘ksi qalqon, o‘zbegim.

Yog‘di to‘rt yondin asrlar
Boshingta tiyri kamon,
Umri qurbon, mulki toroj,
Yurti vayron, o‘zbegim.

Davr zulmiga va lekin
Bir umr bosh egmading,
Sen – Muqanna, sarbador – sen,
Erksevar qon, o‘zbegim.

Sen na zardusht, sen na buddiy,
Senga na otash, sanam,
Odamiylik dini birla
Toza imon, o‘zbegim.

Ma’rifatning shu’lasiga
Talpinib zulmat aro,
Ko‘zlaringda okdi tunlar
Kavkabiston, o‘zbegim.

Tuzdi-yu Mirzo Ulug‘bek
Ko‘ragoniy jadvalin,
Sirli osmon tokiga ilk –
Qo‘ydi narvon, o‘zbegim.

Mir Alisher na’rasiga
Aks-sado berdi jahon,
She’riyat mulkida bo‘ldi
Shohu sulton, o‘zbegim.

Ilmu she’rda shohu sulton,
Lek taqdiriga qul,
O’z elida chekdi g‘urbat,
Zoru nolon, o‘zbegim.

Mirzo Bobur – sen, fig‘oning
Soldi olam uzra o‘t,
Shoh Mashrab qoni senda
Urdi tug‘yon, o‘zbegim.

She’riyatning gulshanida
So‘ldi mahzun Nodira,
Siym tanni yuvdi ko‘z yosh,
Ko‘mdi armon, o‘zbegim.

Yig‘ladi furqatda Furqat
Ham muqimliqda Muqiym,
Nolishingdan Hindu Afg‘on
Qildi afg‘on, o‘zbegim.

Tarixing bitmakka, xalqim,
Mingta Firdavsiy kerak,
Chunki bir bor chekkan ohing
Mingta doston, o‘zbegim.

Ortda qoldi ko‘hna tarix,
Ortda qoldi dard, sitam,
Ketdi vahming, bitdi zahming,
Topdi darmon, o‘zbegim.

Bo‘ldi osmoning charog‘on
Tole xurshidi bilan,
Bo‘ldi asriy tiyra shoming
Shu’la afshon, o‘zbegim.

Men Vatanni bog‘ deb aytsam,
Sensan unda bitta gul,
Men Vatanni ko‘z deb aytsam,
Bitta mujgon, o‘zbegim.

Faxr etarman, ona xalqim,
Ko‘kragimni tog‘ qilib,
Ko‘kragida tog‘ ko‘targan
Tanti dehqon, o‘zbegim.

O’zbegim deb keng jahonga
Ne uchun madh etmayin!
O’zligim bilmoqqa davrim
Berdi imkon, o‘zbegim.

Men buyuk yurt o‘g‘lidurman,
Men bashar farzandiman,
Lek avval senga bo‘lsam
Sodiq o‘g‘lon, o‘zbegim.

Menga Pushkin bir jahonu
Menga Bayron bir jahon,
Lek Navoiydek bobom bor,
Ko‘ksi osmon, o‘zbegim.

Qayga bormay boshda do‘ppim,
G’oz yurarman, gerdayib,
Olam uzra nomi ketgan
O’zbekiston, o‘zbegim.

Bu qasidam senga, xalqim,
Oq sutu tuz hurmati,
Erkin o‘g‘lingman, qabul et,
O’zbegim, jon o‘zbegim.

Manba: www.kh-davron.uz