Жаҳонгир Позилжонов: “Флоридадан ҳовли сотиб олишга истагим ҳам, маблағим ҳам йўқ”

J.Poziljonov“Божалар” гуруҳи ҳақида гап кетганда аксарият гуруҳ раҳбари Жаҳонгир Позилжоновга ҳазилкаш, шўх, бачкана, комик роллар ижрочиси сифатида таъриф беради. Ижодини бошлаганидан буён санъат ва саҳнадаги ўз рейтингини бир маромда ушлаб туришга ҳаракат қилаётган гуруҳ яккахони Жаҳонгир Позилжонов “Даракчи” билан бўлган узоқ танаффусдан кейин яна суҳбат қуришга аҳд қилди. У билан бўлиб ўтган суҳбат сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз…

Сизни кўриб турганимдан мамнунман.
— Мен ҳам, газетангизга интервью бермаганимга ҳам анча бўлибди. Бугун бир мириқиб суҳбатлашар эканмиз-да.

— Албатта. Шу кунларда нималар билан бандсиз?
— Кейинги йилда бўлиб ўтадиган яккахон концерт дастурига тайёргарлик ишларини олиб боряпмиз. Бу жараённи янги альбомга қўшиқлар ёзишдан бошладик. Навбатдаги тўплам аввалгиларидан фарқ қилади. Альбомдан 12 та янги ва 16 та эски қўшиқлар ўрин олади. Кейинги йил 24-25 май кунлари бўлиб ўтадиган концертимизга қадар эса, 8 та янги қўшиқ премьераси ва унга ишланадиган клипларни мухлисларга тақдим этаман.

— Шу кунларда сиз иштирок этган янги фильм намойиш этиляпти
— “Шу етмай турганди” номли фильмда актриса Феруза Норматова билан биргаликда суратга тушганман. Мазкур фильмда ёлғон туфайли турли қийин вазиятларга тушиб, ўз тўйига бормаган йигит образида чиқаман. “Шу етмай турганди” фильмини фақат ёлғон ҳақида деб бўлмайди. Унда бош қаҳрамон ўз касбига бўлган меҳр ва фидойилигини ҳам кўрсата олган. Сценарий муаллифи Санжар Турсунов, режиссёр Отабек Мирзахолов билан ҳамкорликда ишлаган фильмимиз мухлисларга манзур бўлади, деган умиддаман.

— Ижодингизни кузатадиган бўлсак, кўпинча фильмларда ўзингиз сценарий муаллифи, режиссёр, актёр бўласиз, ва ҳатто саунтректни ҳам ўзингиз куйлайсиз. Нега?
— Мен фильм суратга олганимда барча вазифани ўзим бажарсам, истаганимдек чиқади. Бу жавобимдан кейин “нега энди бошқа режиссёрларнинг киноларида суратга тушяпсиз” деган савол туғилиши табиий. Бунга ҳам жавоб бераман. Сўнгги пайтларда ижодда қотиб қолганим ва кинодаги ишларимнинг савияси тушиб бораётганини тан олмасликнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам бугун кинода мен бир жамоа бўлиб ишлаш йўлига ўтдим. Мавзу ва ғояни таклиф қиламан, сценарий ёзишни ҳам, суратга олишни ҳам мутахассисларга ҳавола эятпман. Мен эса, фақат рол ўйнаш билан чегараланяпман, холос.

— Ўзингиз сценарий ёзиб, унга режиссёрлик қилган ва унда рол ўйнаган қайси фильмдан кўнглингиз тўлган?
— Ҳозирча бундай фильм фақат битта. Бу ҳам бўлса “Бойвачча”! Бунга фильмнинг томошабини кўп бўлгани эмас, балки ҳанузгача одамларнинг ёдида сақланиб қолгани сабаб. Кўча-кўйда мени кўрган 2-3 яшар бола ҳам “ана бойвачча” деб кўрсатади. Ваҳолангки, “Бойвачча”нинг катта экранга чиққанига 7 йилдан ошяпти.

— Нима деб ўйлайсиз, нега ҳозир, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Шум бола” каби узоқ “умр” кўрадиган фильмлар суратга олинмаяпти…
— Мен бир нарсани аниқ биламан, маълум вақт ўтгандан кейин қайсидир авлодларга биз суратга олаётган киноларни намуна қилиб кўрсатишади. Бунга ишонаман. Чунки, вақтида сиз айтган кинолар ҳам жуда қаттиқ танқидга учраганини эшитганман. Шуҳрат Аббосов билан бир суҳбатда у инсон менга “Танқидларнинг ҳаммасига ҳам эътибор бераверманглар. Аксинча, хурсанд бўлинглар, сизларга эътибор бериб, танқид қилишяпти” деб айтганлар. Тўғри, мен бу гапларим билан бугунги кундаги киноларимни Шуҳрат Аббосовнинг ижодига тенглаштирмоқчимасман. Шунчаки, бу инсоннинг гапларига қўшилишимни айтмоқчиман, холос.

— “Божалар” гуруҳининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унинг репертуарларида жиддий, ҳаётий мавзулардаги қўшиқлар кўп бўлган. Аммо назаримда, бу гуруҳ сўнгги пайтларда фақат шўх ва ҳазиломуз мавзулар билан чегараланиб қоляпти…
— Ҳамманинг ҳам юзидаги табассумига ишонаверма, доим кулиб, кайфияти чоғ юрган инсоннинг дарди, ташвиши, муаммолари кўп бўлади дейишади. Бу билан менинг дардим кўп, шу сабаб ана шундай қўшиқлар куйлаяпман демайман, шунчаки мен бир хил йўналишда ижод қилишни истамайман. Менинг қўшиқларимни тинглаётганларнинг дарди, муаммолари, ташвишлари ўзларига етарли. Мен қўшиқларим билан уларнинг юракларини эзмоқчи эмасман. Аксинча, улар қўшиқларимни тинглаб, ўз ташвишларини унутишларини истайман. Албатта, жиддий мавзулар ҳам бўлади, ҳаммасининг ўз вақти-соати бор…

— Ижодингиздаги бачканаликни тан оласизми?
— (Бироз ўйланиб) Ҳа ва йўқ. Қўшиқ орқали одамларни кайфиятини ҳам кўтариб туриш керак-ку! Танқидчилар ижодимни қанчалик ёмонлашмасин, барибир тингловчиларим бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Ҳар бир янги қўшиғим ўз тингловчисини топяпти, демак, ижодим давом этаверади…

— Фарзандларингизни санъаткорлик соҳасини эгаллашига қандай қарайсиз?
— 4 яшар қизим Райҳон бир ярим йилдан буён “Асал” болалар гуруҳининг тўгарагига боради. Ҳозир эса асосий гуруҳда қатнашяпти. У мазкур гуруҳ томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг асосий иштирокчиларидан бири саналади. Қизим раққосалик билан катта саҳнага чиқди. Айни кунларда “Маша ва айиқполвон” саҳналаштирилган шоу дастурда қатнашиб келяпти. Бир кунда 5 та сеансда намойиш этилаётган дастурда қийналмасдан иштирок этяпти. Аммо у келажакда шифокор бўлишни ният қилган. Санъатга қизиқиши бўлса-да, бошқа касбда ишлагиси келади. Онасига тортган. Иккинчи фарзандим Ғайратжон эса икки ярим ёшда, боксчи бўламан дейди. Уни спортга бўлган қизиқиши ниҳоятда кучли. Кенжам Мўминжон эса энди бир ярим ёшга тўлди.
Бир пайтлар раҳматли отам санъаткор бўлишимга қаттиқ қаршилик қилганлар. Аммо шунга қарамай, мени анча вақтгача синаганлар. Кейинчалик ҳақиқатдан ҳам санъатга интилишим борлигини кўриб оқ фотиҳа берганлар. Мен ҳам ҳар бир фарзандимни отам каби синовдан ўтказаман. Бирон бир касбини танладим, ана шу соҳада ишлайман деса дарров рухсат бериш йўқ. Қайси касбни танлашидан қатъи назар, биринчи ўринда унинг интилиши қай даражада эканлигини кузатаман.

— Турмуш ўртоғингиз билан “Бойвачча” фильмининг тасвирга олиш жараёнида танишгансизлар, шундайми?
— Ҳа, фақат ўша “съёмка” пайтида унга бироз эътибор бермаган эканман. Фильм премьерасидан сўнг ижодий гуруҳ билан премьерани нишонлаганимизда, унга бўлган муҳаббатим ортган. Кейинчалик турмуш қурдик.

— Турмуш ўртоғингизнинг ҳам кинога қизиқиши йўқ эмас…
— Бир вақтлар қизиқиши бўлган. Ҳозир эса рафиқамнинг севган касби бор. Ўн бир йил тиббиёт академиясида ўқиди. Кейинги йил магистратурага топширмоқчи. Унинг мақсади аниқ ва у йўл кино эмас.

— Жаҳонгир Позилжоновнинг Флоридада уйи бор деган гапларга изоҳ берсангиз…
— Йўғ-е… Биринчи марта эшитиб турибман. Дўстим Жавлон билан оилавий икки ҳафтага дам олишга борганимизда, уй кўринишида қурилган меҳмонхонада яшаган эдик. Бизни у ерда кўрган ҳамюртларимиз шундай гапни чиқаришган бўлишса керак. Аслида, менинг уйим битта, у ҳам бўлса Ўзбекистонда! Флоридада ҳовли сотиб олишга истагим ҳам, маблағим ҳам йўқ.

— Сиз режиссёр, актёр, хонанда ва бошловчилик ҳам қиляпсиз. Буларнинг барчасига қандай улгуряпсиз?
— Ишонсангиз, 24 соат ичида уйга 3-4 соат ухлаб олиш учун бораман. Айтганларингизга қандай улгураётганимни ўзингиз баҳоланг. кунимни режасиз, бошламайман. Барча ишларга улгуришим учун, албатта режам бўлиши шарт.

— Ўзингиздаги қайси салбий одатларни тарбиялай олдингиз?
— Ҳамма вақт ҳам ён-атрофимдагиларга эътиборли, меҳрибон бўлганман, аммо етарли даражада эмаслигини англаб етдим. Отам ўзига керак бўлиб турган нарсани ҳам қўшнимиз сўраб келганда бериб юборганларини кўп кўрганман. Мен эса вақтида танишларим ёрдам сўраганида, улардан ёрдамимни аягандим. Бундан жуда афсусдаман. Бугун ана ўша ёмон камчилигимни тузата олдим, деб ўйлайман.

Алия Тулембаева суҳбатлашди.

manba: darakchi.uz