Қозоғистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари телефон орқали мулоқот ўтказди

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Карим Масимов ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақида Қозоғистон ҳукумати раҳбари ўзининг твиттердаги саҳифасида маълум қилди. Мулоқот кимнинг ташаббуси ўтказилгани ва унинг мазмуни ҳақида маълумот йўқ.

Қозоғистон ҳукумати сайтида маълум қилинишича, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йили 23 ноябрда ўрнатилган. Давлат ўртасидаги муносабатлар Абадий дўстлик тўғрисидаги ҳамда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар асосида жадал ривожланмоқда.

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритиб келмоқда. 2015 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 1,67 миллиард долларни ташкил қилди. Ундан 942,2 миллион доллари экспорт, 725,6 миллион доллари импорт ҳисобланади.

Қозоғистондан Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари, ун ва ун маҳсулотлари, дон, рангли ва қора материаллар, неорганика кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинади.