Абдулла Арипов: яқин ойларда Тошкентда Туркия “Зироат” банкининг марказий идораси очилади

    2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон банклар ассоциациясида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойида қатнашган Бош вазир яқин бир ой ичида Туркиянинг “Зироат” банки Ўзбекистонда ўз филиалини ишга туширишини маълум қилди.

    “Яқин бир ой ичида Туркиянинг энг йирик банкларидан бири – “Зироат” банки Ўзбекистонда ўз марказини ишга туширади. Туркия ҳукумати мамлакатимизда молиявий-ҳуқуқий кичик бизнес бўйича 500 миллион доллар миқдорида ўз линиясини очади”, – дея қайд этди Абдулла Арипов.

    Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешнинг маълум қилишича, Туркия савдо-иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон билан катта лойиҳаларни амалга оширишга тайёр. Жумладан, Ўзбекистон томонидан Туркиянинг Зироат банки филиалини очиш таклифи маъқулланса, мамлакатга ушбу банк вакилларини чақириб, унинг филиалини очишни мақсад қилган.

    Собиқ Бош вазир ўринбосари бўлган Рустам Азимовнинг айтишича, Туркия Ziraat Bank’ининг Ўзбекистонда тўлиқ операцияларини ўтказувчи филиалини очиш бўйича келишувга эришилган. Банкнинг нафақат Тошкентда марказий идораси бўлади, балки Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Ziraat Bank’нинг филиаллари очилади ва Ўзбекистонга келган турк ишбилармонлари банк хизматларидан худди Туркиядаги каби фойдалана олади.

    SHARE