Россия Федерациясида мигрантлар учун бепул газета нашрдан чиқди

Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун ўзбек ва рус тилларидаги бепул “MIGRANT” газетасининг нишона сони нашрдан чиқди.

Kun.uz сайти ёзишича, www.migrant.mobi  – мигрантлар учун ахборот-хизмат портали нашри ҳисобланган “MIGRANT” газетасининг нишона сонида Россияда меҳнат қилиб юрган ватандошларимиз учун мўлжалланган қизиқарли ва фойда маълумотлар ўрин олган.

Хусусан, шу йилнинг 1 июнидан Россия Федерацияси ҳудудида чет эл ҳайдовчилик гувоҳномалари билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш тақиқланди. Ушбу тақиқдан сўнг РФда шахсий автомобиль, йўналишли такси, автобус, тижорий транспорт воситаларини ҳайдаб юрган юртдошларимизда қатор саволлар пайдо бўлди. Қайси ҳолларда миллий гувоҳномалардан фойдаланишга рухсат берилади, қайси бири тезроқ: миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини Россияникига алмаштиришми ёки автомактабда ўқиш Газетада шу каби саволларга мутахассис томонидан батафсил жавоб берилган.

Шунингдек, кўплаб ўзбекистонликлар Россияда ишлаш ва яшаш учун зарур бўлган регистрациядан ўтиш, патент олиш борасида ҳам кўплаб саволларга дуч келади. Энг ёмони, бу борада зарур маълумот ва тажрибага эга бўлмаган айрим фуқароларимиз фирибгарлар тузоғига илиниб қолмоқда. Натижада кўпгина ватандошларимиз Ўзбекистонга депортация қилиниб, Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда. “MIGRANT” ушбу масалага эътибор қаратиб, кўпчилик учун тушунарли, содда тилда, сурат ва инфографикалардан фойдаланган ҳолда маълумотлар тақдим этди.

Шунингдек, ушбу бепул газета орқали чет элликлар учун бўш иш ўринлари ҳақида эълонлар бераётган Ягона Миграция Маркази фаолияти, кўрсатилаётган бошқа хизматлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилган.

Россияга илк марта бориб, рус тили имтиҳонига тайёргарлик кўраётганлар эса тест намуналаридан фойдаланиб, билимларини синовдан ўтказишлари мумкин.

Яна бир муҳим маълумот. Россия ҳудудида турли кўнгилсиз вазиятларга тушиб қолган чет элликларга «Миграция ХХI век»фонди томонидан бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Газетада ушбу фонд фаолияти, қандай ҳолатларда ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкинлиги, боғланиш учун рақам ва маълумотлар берилган.

Газетани Москва ва Москва вилоятидаги миграция марказлари, Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими олдида, “ЛексМобайл” юридик маркази, ўзбек миллий таомлари чойхона ва кафелари ва бошқа ерлардан топиш мумкин.

Ундан ташқари, газетанинг электрон версиясини http://migrant.mobi/  сайтидан pdf форматда кўчириб олиш мумкин.

SHARE