Памела Спратлен: Биз Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий дипломатик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз

4 июлда АҚШ мустақиллиги куни. Бу йил «океан орти»  мамлакати  ўз мустақиллигининг 241 йиллигини нишонлайди.

Sharh.uz сайтининг ёзишича, мазкур сана муносабати билан Тошкентда  қабул маросими уюштирилди. Тадбирда бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Ўзбекистон хукумати ва парламенти аъзолари иштирок этди. (Шу кунгача АҚШ мустақиллигига бағишлаб ўтказиладиган қабул маросимларида бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигида хукумат вакиллари қатнашарди)

АҚШ элчиси Памела Л.Спратлен хоним  инглиз ва ўзбек тилларида  анжуман иштирокчиларига қарата мурожат қилди. У ўз сўзида ўтган бир йилда ҳар икки мамлакатда туб ўзгаришлар юз берганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, биринчи президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи мотам тутганини, декабрь ойида бўлиб ўтган сайловларда Шавкат Мирзиёев ишончли ғалаба қозонганини, сайловлар халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказилганини қайд қилди.

АҚШда бўлиб ўтган сайловда эса Дональд Трамп ғалаба қозонди. Ҳар икки президент ўз лавозимларига киришганларидан сўнг, аввалига расмий мактублар орқали бир-бирлари билан танишдилар, кейин эса май ойида Ар-Риёдда бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари раҳбарларининг АҚШ президети Дональд Трамп билан учрашувида бир-бирлари билан кўришдилар. Шу йил сентябрь ойида эса БМТ Бош Ассамболеясининг сессиясида иштирок этиш мақсадида Шавкат Мирзиёв  АҚШга боради.

Элчи ўз сўзида АҚШ 25 йилдан бери Ўзбекистон мустақиллигини, суверенитетини, худудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлаб ўтди.

“Халқаро майдонда биз, президент Мирзиёевнинг минтақавий дипломатик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”, деди АҚШ элчиси. У ўз сўзида Ўзбекистоннинг минтақаларига, жумладан Орол денгизига сафар қилганини, хукумат, фуқоровий жамият, таълим ва соғлиқни сақлаш ва ишбилармон доираларининг вакиллари билан учрашаётганини қайд қилиб, бу каби ҳаракатлар яна давом этишини билдирди.

“Биз ажойиб мамлакат ҳаётидаги тарихий даврда яшаяпмиз. АҚШ ислоҳатлар жараёнига қадам қўйган Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкоридир. Ўзбекистон Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирди. Вашингтон барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр”, деди Памела Л.Спратлен хоним.

“ Памела Л.Спратлен хоним  қўшни Қирғизстонда элчилик вазифасини бажараган вақтларда Бишкек хукуматини кескин танқид қилишлари билан ажралиб турарди. Бироқ  Ўзбекистонда элчилик фаолиятини бошлаган даврдан бери бирор марта ҳам мамлакатимиз   ҳақида салбий  фикр билдирмади”, деб хулоса қилади сайт.

SHARE