Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик равишда чиқиш мумкинми?

Хабарингиз бор, шу йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ватандошлар билан бўлиб ўтган тўғридан-тўғри мулоқот  ўтказди.

Унда бухоролик Ўзбекистон фуқароси қизи беш йилдан бери хорижда истиқомат қилишини, узрли сабабга кўра, консуллик ҳисобида турмаганини, шу сабабли Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш тартиби қандайлигини сўради.

  • Албатта, сизни ҳурмат қилган ҳолда, мен учун консуллик ҳисобига турмасликнинг узрли сабаби тушунарсиз, деди А. Комилов. —Қаердадир доимий яшаш, нимадир қилиш мумкин-у, лекин консуллик ҳисобида турмаслик керакми? Чунки барчаси консуллик ҳисобига қўйиш билан боғлиқ. Шу асосда фуқаро билан мулоқот қиламиз, унинг манзилларига эга бўламиз, унинг масалаларини ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Шундай бўлса-да, биз ушбу ҳолатни ўрганиб, унга зарур барча ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз. Агар фуқароликдан чиқмоқчи бўлса, биз унга ушбу механизмни бошлаши учун ёрдам беришимиз мумкин. Шундай бўлса-да, бизга мурожаат қилмаса, мулоқот қилмасак, биз ҳеч қанақа ёрдам бера олмаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Улуғбек Тошхўжаев ушбу масала юзасидан фикр билдириб, хориждаги кўплаб юртдошларимизда шундай фикр борки, улар фуқароликдан автоматик равишда чиқиш мумкин, деб ҳисоблашади, деди. “Йўқ, бу нотўғри фикр. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиққан кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилади. Шунинг учун элчи ва консуллардан ушбу масалани кенгроқ тушунтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари консулхоналар ёки элчихоналарга ушбу масалада мурожаат қилишлари мумкин”, деди у.

Эслатиб ўтамиз: амалдаги қонунчиликка биноан, қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин:

1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;

2) агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

3) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса;

4) агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

5) агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса.

Чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар идораларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шарт.

SHARE