2019 йил 1 январдан хорижга чиқиш паспорти жорий этилади

Ўзбекистон Президенти фармон билан 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини жорий этишни тасдиқлади. Худди шу санадан бошлаб хорижга чиқиш учун рухсат берувчи стикерни расмийлаштириш бекор қилинади. Фармон матни «O‘zbekiston 24» телеканали сайтида эълон қилинди.

Gazeta.uz ёзишича, ҳужжат билан 2011 йилги намунадаги ҳозирда амалда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти Ўзбекистон ҳудудида шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи ҳужжат бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон фуқароси 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт билан 2021 йил 1 январга қадар чиқиш визасини расмийлаштирмасдан мамлакатдан чиқишлари мумкин бўлади.

Виза режими ўрнатилган мамлакатларга киришда амалдаги биометрик паспортлардан унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар фойдаланиш мумкин.

Хорижга чиқиш учун ҳужжатлар Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси ва Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассислари томонидан тайёрланади ва тақдим этилади.

SHARE