Марказий банк: “50 минг сўмлик жорий қилиниши инфляцияга олиб келмайди”

Марказий банк Бошқарувининг тегишли қарорига асосан 50 минг сўмлик банкнотлар жорий йилнинг 22 августидан муомалага чиқарилади.

Марказий банкнинг маълум қилишича, миллий валютанинг 50000 сўм қийматдаги банкнотини муомалага киритиш мамлакатимизда сўнгги йилларда ўртача иш ҳақи миқдорининг ошиб бориши ҳамда аҳолига иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлашда, шунингдек нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилди.

“Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, муомалага йирик банкнотларнинг чиқарилиши иқтисодиётдаги пул массасининг ўзгаришига олиб келмайди ҳамда инфляция даражаси ва нархлар барқарорлигига таъсир кўрсатмайди”, дейилади регуляторнинг сайтида.

Шунингдек, мазкур амалиёт нақд пулдаги ҳисоб-китобларни ихчамлаштириш, нақд пулни ташиш, етказиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар ва ноқулайликларни камайтириш ҳамда банкоматлар орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш имконини беради.

SHARE