Ўзбекистонда чиқиш паспортлари 10 йиллик муддатга берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 16 августда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатда 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини бекор қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини жорий этиш кўзда тутилган.

Фармонда дастлабки босқичда, яъни 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси билан виза режими ўрнатилган давлатларга чиқишни режалаштираётган мамлакатимиз фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 1 январигача визасиз режим ўрнатилган мамлакатларга (Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Украина ва Грузия) 2011 йилги намунадаги амалдаги биометрик паспорт билан чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижда бўлиб турган фуқаролари 2011 йилги намунадаги биометрик паспортдан унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар фойдаланиши мумкин. Яна шуни таъкидлаш керакки, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт амалиётга киритилгунича фуқаролар виза режими ўрнатилган давлатларга 2011 йилги намунадаги биометрик паспортда амалдаги рухсат ёзуви стикери мавжуд бўлганда шу паспорт билан чиқиши мумкин.

Паспорт бериш ва хорижга чиқишни тартибга соладиган зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2017 йилнинг 1 декабригача Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг янги дизайндаги 48 саҳифали хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг Давлат стандартини тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгаси шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва ундан республика ҳудудида умумфуқаролик ҳужжати сифатида фойдаланилади.

Замонавий ахборот технологиялари жорий этилиши инобатга олиниб, хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш муддати 15 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилади.

Халқаро тажрибага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг амал қилиш муддати вояга етмаган шахслар учун 5 йилгача, 16 ёшдан катта шахслар учун 10 йилни ташкил қилади.

Аҳолига электрон ариза тақдим этиш, электрон навбат, давлат божини электрон тўлов тизими орқали тўлаш каби интерфаол хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, ҳужжатнинг тайёрлигини текшириш бўйича махсус хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳужжатни бериш тартиби белгиланади.

Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар ва туман бўлинмаларининг вазифалари кенгайтирилади ва шу муносабат билан фуқаролар хорижга чиқиш учун паспорт олиш бўйича аризани Ички ишлар вазирлигининг доимий яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар/туман бўлинмаларига тақдим этиши мумкин. Айни пайтда ушбу вазифалар Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш вилоят бошқармалари зиммасига юклатилган.

Ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида “Электрон ҳукумат” тизими имкониятлари орқали керакли барча маълумотномаларни олишни ўзида мужассам этган “ягона ойна” тизимидан фойдаланилади.

SHARE