Каталонияда юз берган терактлар оқибатида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ

Ўзбекистоннинг Мадрид шаҳридаги Элчихонаси дастлабки маълумотига кўра 2017 йил 17 августда Каталонияда (Испания) юз берган терактлар оқибатида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Элчихона Испания Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Барселонадаги теракт натижасида жароҳатланганлар сони 100 нафардан ошиб кетди. 13 киши қурбон бўлган, маҳаллий ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, бу рақам ошиши мумкин: яна 15 киши оғир аҳволда қолмоқда.

Каталония пойтахтида юз берган теракт натижасида ҳаммаси бўлиб 24 давлат фуқароси жабрланди: Испания, Франция, Германия, Голландия, Аргентина, Венесуэла, Бельгия, Перу, Руминия, Ирландия, Куба, Греция, Македония, Буюк Британия, Австрия, Покистон, Тайвань, Канада, Эквадор, АҚШ, Филиппин, Кувайт, Туркия ва Хитой. La Vanguardia газетаси маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан уч нафари – Германия фуқароси, бири – бельгиялик.

SHARE