Америкага кўчиб боришни истаётган ўзбекистонликлар сони кўпайган

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги сўровда қатнашган респондентлардан “Сизда Ўзбекистон Республикасини тарк этиш ва доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кетиш истаги борми?”, деган савол сўралганда, уларнинг мутлақ катта қисми — 97,1 фоизи Ўзбекистонни тарк этишни асло истамаслигини, ўз келажагини шу юрт билан боғлиқ ҳолда кўришини билдирган. Фақат 1,5 фоиз иштирокчи бошқа мамлакатга кетиш ниятида эканини маълум қилган.  Ёш кесимида эса 18-19 ёшлилар ва 20 — 29 ёшлилар гуруҳидаги респондентлар миграцион кайфиятга кўпроқ мойил.

Тадқиқотга кўра, 62,5 фоиз эҳтимолий мигрантларнинг мамлакатдан кетиш ҳақидаги қарори узил-кесил эмас ҳамда улар ­доимий ва даромадли иш топишса, ўз касбий ва интеллектуал ­салоҳиятини амалга ошириш ­имкониятига эга бўлишса, чет элга жўнаш фикридан воз кечишга тайёрлар.

Сўров натижалари эҳтимолий мигрантлар учун қайси мамлакатлар энг жозибадор эканини аниқлаш имконини берди. Аввалги йилларда бўлгани каби ҳозир ҳам ўзбекистонликлар учун Россия Федерацияси энг мақбул мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу тил билишда муаммонинг йўқлиги, оилавий ва маданий алоқалар, таълим тизимларининг ўхшашлиги, визасиз бориб-келиш тартиби мавжудлиги каби омиллар ­билан изоҳланади.

Шунингдек, 2017 йилда ­АҚШга кўчиб бориш истагидагилар сони ўсди. Бу йўналиш, асосан, ­Андижон, Самарқанд, Тошкент ­вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида оммалашгани қайд қилинди. Айни дамда Ғарбий Европага интилаётган респондентлар сони қисқарди ва ҳеч бир респондент Яқин ­Шарқдаги ­бирон-бир мамлакатга бориб яшаш ниятини билдирмади.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга йўл олишига асосий сабаблардан бири, бу — таълим олиш билан боғлиқ. Масаланинг ушбу жиҳати алоҳида эътиборга олинган тадқиқотда “Кейинги беш йилда сизнинг оилангиздан кимдир таълим олиш ёки таълим даражасини ошириш мақсадида чет элга борганми?” саволига иштирокчиларнинг салкам икки фоизи “Ҳа” деб жавоб берди. Оила аъзолари чет элда таълим олган ёки ҳозирги вақтда таълим олаётган респондентларнинг кўпчилиги пойтахт аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Аён бўладики, ­Россия Федерацияси, АҚШ, Жанубий Корея, Европа мамлакатлари ва Хитой — таълим ­миграциясининг энг оммабоп йўналишларидир.

Фарзандлари чет давлатда ­таҳсил олган 42,1 фоиз респондент­нинг билдиришича, уларнинг оила аъзоси ўқишдан сўнг она-Ватанга қайтган. 9,5 фоиз иштирокчиларнинг ­жавобига кўра, уларнинг яқин кишиси ўқишни тамомлаган, лекин уйга қайтмаган. Хорижда қолган бу ёш мутахассисларнинг айримлари ўша жойда оила ­қуриши ҳам уларнинг Ўзбекистонга қайтмаслигига ­сабаб бўл­моқда.

Сўров натижалари хорижда илм олган  ёшларнинг Ватанга қайтиши учун ишга жойлашиш ва касбий мослашувнинг қулай шароитларини яратишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, бизнес-инкубаторлар ва технопарклар барпо этишни кенгайтириш зарурлигини кўрсатди.

Уй қуриш, тўйлар қилиш илинжида…

Ташқи меҳнат миграцияси ­бугун фуқароларимизнинг узоқ-яқин ўлкаларга йўл олишига турт­ки ­бераётган бош омиллардан ­экани барчамизга яхши маълум. 2015 — 2017 йиллардаги сўровлар натижаларига мувофиқ, меҳнат ­миграциясига кетиш истагини билдирганларнинг катта қисмини эркаклар ташкил қилади. Пул ­топиш учун фуқаролар бош­қа мамлакатга кўпинча бир йил муддатга (26,7 фоизи), камроқ ҳолатда икки йил муддатга боришни афзал кўришади (15,8 фоизи). Ишлаш учун узоқ муддатга кетмоқчи бўлганлар фоизи у қадар юқори эмас.

Хорижда ишлаш учун сабаблар турлича. Сўров фуқароларнинг қайси мақсадда меҳнат миграция­сига интилишларини аниқлашга имкон берди. Сўралган ҳар ­иккинчи фуқаро ишлаб топган ­пулига уй-жой, ер участкаси, ­автомобиль сотиб олишини кўрсатган. Ҳар тўртинчи респондент тўй маросимларини ўтказиш, болаларининг ўқиши учун тўловни амалга ошириш ва бошқа ўткир ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш мақсадида меҳнат миграциясига қўшилади. Ҳар ўнинчи респондент ўз бизнесини очиш учун бошланғич капиталга муҳтож. Сўралганларнинг саккиз фоизи ўз ижтимоий мақомини оширишга умид ­қилади.

Яна бир муҳим жиҳат. Россия Федерацияси Ўзбекистон фуқаролари меҳнат миграциясининг ­асосий йўналиши бўлиб қолмоқда. Респондентлар (18 фоизи) ишлаш учун маъқул санаган ­навбатдаги давлат Жанубий Кореядир. Бинобарин, Жанубий Корея меҳнат миграцияси бўйича Ўзбекистоннинг яқин шерикларидан бири ҳисобланади. Ушбу учлик сўнгида эса АҚШ турибди.

 Меҳнат ҳақи яхши тўланса, бас

Тадқиқотда меҳнат миграцияси мамлакатини танлашда юқори иш ҳақи омилини шаҳарликлар қишлоқ аҳолисига нисбатан, аёллар эса эркакларга нисбатан кўпроқ эътироф этдилар. Уларнинг аксарияти тез ва салмоқли даромад келтирадиган, қўшимча таҳсилни талаб қилмайдиган соҳаларга ишга жойлашишни хоҳлашади. Шу маънода, қурилиш соҳасида ишлаш меҳнат миг­рантлари учун айни муддаодир. Қолаверса, бу йил савдо соҳасида ишлашни истайдиганлар сони камайди, хизмат кўрсатиш ва транспорт соҳаларида ишлашни мўлжаллаётган респондентлар сони ўсди.

Сўровда эркакларнинг ҳар иккинчиси ишлаш учун қурилиш, 15,4 фоизи  йўловчи ва юк ­ташиш, 10,8 фоизи хизмат кўр­сатиш соҳаларини танлаган. Аёллар эса болаларни, кекса ёки ­бемор кишиларни парваришлаш
(40,6 фоиз), савдо (12,5 фоиз), хизмат кўрсатиш тармоқларида ишга жойлашишни истайдилар.

Дарвоқе, меҳнат бозорида шаҳарликларнинг ўзига ишончи қишлоқ аҳолисига нисбатан ­кучлироқ экан.

                               Мигрант ижтимоий қиёфаси

Таҳлиллардан кўринадики, чет давлатда муайян муддат ишлаб, кейин она-юртга қайтиш истагидаги респондентлар сони, ўтган йиллар натижалари билан қиёслаганда, бир оз камайди ва сўров ўтказиш пайтида 9,2 фоизни ташкил қилди. Ҳудудлар кесимида кўрганда, кўпроқ Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари аҳолиси четга кетиш истагида бўлиб, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида пул ­топиш учун мамлакатни тарк этишга интилувчи фуқаролар сони камайган.

Сўров натижаларига асосланиб, меҳнат мигрантининг ижтимоий қиёфасини шундай таърифлаш мумкин: у 20 — 49 ёшлар ­ўртасида, ўрта махсус ёки ўрта техник маълумотга эга, моддий жиҳатдан ўзини ижтимоий паст табақага мансуб, деб ҳисоблайди ва қисқа фурсатда бойиб ­кетишни истайди.

 

 

SHARE