Ҳиндистондаги 1528 йилда ёзилган “Девони Бобур” қўлёзмасининг нусхаси Ўзбекистонга қайтарилади

Расмий ташриф дастурига биноан, 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Деҳли шаҳрида Ҳиндистон Миллий музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда ТИВ Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур музей мамлакатнинг асосий тарихий-бадиий хазинаси ҳисобланиб, у қадимги ёдгорликларнинг бой коллекцияси, ўтмишдаги цивилизацияларнинг археология бойликлари ҳамда маданият ва этник хилма-хиллик экспонатларини ўзида жамлаган. Ҳозирги кунда музейда 200 мингдан ортиқ ҳинд ва хориж санъати намуналари сақланади.

Меҳмонлар Марказий Осиё буюмларига бағишланган ва минтақамизнинг Ҳиндистон билан боғловчи кўп асрлик ва самарали алоқалари ҳақида гувоҳлик берувчи махсус галерея билан таништирилди.

Давлат раҳбарининг ўзбек халқининг тарихий ва маданий бойликлари намуналарини Ватанга қайтариш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида Ўзбекистон Элчихонаси Ҳиндистон томони билан Миллий музейда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1528 йилда ёзилган “Девони Бобур” қўлёзмасининг ва 1640 йилда чизилган “Шаҳзода Дори Шикоҳнинг тўй маросими” миниатюрасининг нусхаларини Ўзбекистон томонига расман топшириш масаласини келишиб олди.

Экспозиция билан танишиб чиқилгач, Ҳиндистон Миллий музейи Бош директори Будҳа Рашми Мани Ўзбекистон делегациясига юқорида қайд этилган қўлёзма ва миниатюра нусхаларини расман топширди. Улар Ўзбекистон Давлат тарих музейидан жой олади.

SHARE