Шавкат Мирзиёев бу йил артист ва шоирларга энг олий унвонларни бермади

Шу йилнинг 25 август куни Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” фармон имзолади.

Фармонда 140 нафарга яқин ўзбекистонлик “мустақилликни мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун” фахрий унвонлар ва орденлар билан тақдирланди.

Жумладан, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони, Чусовитина Оксана “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан билан мукофотланган.

Фармонда бу йил “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ шоири” сингари унвонлар умуман берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 август куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдада кўпчилик қўшиқчилар масъулиятни унутиб, ўз устида ишламай қўйган, изланиш, маҳоратини ошириш, янги ижодий ғоялар билан яшаш, санъат дунёсига, мухлисларга ҳурмат каби тушунчалар уларга бегона бўлиб қолганини танқид қилган эди.

“Шундай санъаткорлар ҳам борки, унвон олгунича тинимсиз елиб-югуради, ҳол-жонингизга қўймайди. Унвон олдими, тамом, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетади. Улардан унвонга яраша, халқнинг эътиборига яраша ижод қани, деб сўраш ўринлими ёки йўқми? Ижодкорнинг талаби билан бирга бурчи ҳам бўлиши керак эмасми?”, деган эди Президент.

Президент Шавкат МирзиёевЎзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда

Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан мусиқа санъати соҳасида фахрий унвонлар, авваламбор, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” каби мукофотлар билан тақдирлаш масаласини, бу борада қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатларни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш вақти келди деган эди.

“Кўпчилигимиз яхши биламиз, илгари “Халқ артисти” деган унвон олиш учун санъаткор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этиларди. Масалан, машҳур ҳофиз Таваккал Қодиров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини олганидан кейин – шунга эътибор беринг – орадан 25 йил ўтиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланган эди. Яқин ўтмишдан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин”, деган эди.

SHARE