Нью-Йоркда ёпган нон излаб…

Новвойхона бизнесига 90 минг доллар тикиб, ойига 20 минг доллар соф даромад кўриш мумкинми. Makebiz.uz сайтида ватанни қумсаб Нью-Йоркда новвойхона очган ватандошимиз Илёс Муродов билан суҳбат эълон қилинди. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Илёс, аввало ўзингиз ҳақида озгина гапириб берсангиз…

Аслида тўлиқ исмим Илёсиддин.  25 ёшдаман. Тошкентда туғилиб катта бўлганман. Онам мен ва яна уч нафар ака-укани катта қилган. Мактабдан сўнг полиграфия коллежини тамомладим. Ўша пайтлар бир кун келиб новвой бўлиш хаёлимга ҳам келмаган. Коллеждан сўнг таълим визаси орқали Прагага келдим.

Америкага қандай келиб қолдингиз?

Америкада дўстим яшайди, у кўчиб келишни маслаҳат берди. Таътил пайтида ҳужжатларни тўплаб, Америкага сайёҳлик визасини олдим. Аммо ўқишни ташлаб кетишни истамасдим. Бу масалада анча бош қотирдим, охир-оқибат пул йўқлиги ҳал қилувчи омил бўлди. Шундай қилиб, мен Лос-Анжелесга келиб қолдим.

Ўзбек нонларига келадиган бўлсак, Прагада ҳам Тошкент “лепешка”лари йўқлигига кўзим тушганди. Ваҳоланки, у ерда ўзбекистонликлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Америкада ҳам шу муаммогадуч келдим. Қерга бормай — на Калифорнияда, на Орландода ўзбек ёпган нонини учратмасдик. Умуман айтганда, бу ерда ўзбек ошхоналари бор, лекин ватандагидек мазали эмас. Миллий таомлар бўлмаса, Ватанни қумсайверар экансиз.

Америкада новвойхона очиш ғояси қандай туғилди?

Биринчи марта Нью-Йоркка келганимда ўзбек нонини татиб кўрдим. Аммо ҳафсалам пир бўлди: нон кўринишидан ўзбек нонига ўхшарди, холос. Аслида хамир резинага ўхшарди. Ўшанда хаёлимга болаликдаги ёпган нонга ўхшаган  нон пишириш ғояси келди. Бунинг учун ишимни ташладим, Нью-Йоркка кўчиб келдим. Ушбу улкан шаҳарда мен аввалига новвойхонага ишга кирдим, у ерда келажакдаги устозларим бухоролик Икром ҳамда тошкентлик Азизлар билан танишдим. Улар менга Бухоронинг “чапчак” нонини ёпишни ўргатишди. Бу мен учун катта тажриба бўлди, энди Тошкентнинг “ёпган нони”ни тайёрлашни ўрганишим керак эди.

Кейинчалик бизга тошкентлик йигит ишга кирди. Унинг қобилияти мени лол қолдирди. Мен унга ўз новвойхонамизни очишни таклиф қилдим. У рози бўлди. Биз ўзбеклар кўп, мижозларга яқин ва қулай бўлган жой қидира бошладик. Ахир, ҳеч ким ёпган нон излаб шаҳарнинг нариги тарафига бормайди-ку.

Дастлабки сармоя қанча бўлганди?

Ўша пайтда 20 минг доллар жамғариб қўйгандим. Аммо Нью-Йоркдек йирик шаҳарда новвойхона учун бу камлик қилишини билардим. Мисол учун, оддий тандирни олиб келиш ва ўрнатиш камида 18 минг долларга айланарди. Ўшанда ишим инвесторсиз битмаслигини англаб етгандим. Икром орқали асли бокулик яҳудий Давид билан танишдим. Бу танишув мен учун жуда омадли бўлди. Чунки айнан унинг кўмагида бизнесни йўлга қўйиш мумкин эди.

Натижада у бизга “Фортуна” савдо марказидан новвойхона учун жой ажратиб берди ҳам бизни молиялаштира бошлади. Орадан кўп ўтмай, новвойхонамизда иккита тандир ўрнатилди. Бирида нон, иккинчисида сомса пишира бошладик. Бундан ташқари, хамир қориш учун идиш, нонларни ва бошқа нарсаларни ёйиб қўйиш катта стол харид қилинди. Уларга ҳам 5950 доллар сарфладик. Ер ва бино Давиднинг шахсий мулки бўлгани учун ижара ҳақи тўламаймиз. Бу биз учун айни муддао эди. Чунки Нью-Йоркда ижара ҳақида ойига тахминан 5 минг долларни ташкил қилади.

Умуман, бошланғич сармоя 90-95 минг долларни ташкил қилди.

Бизнесни бошлашда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

Энг қийин иш, менимча, тандир ўрнатишга рухсатнома олиш бўлди. Америкада тандирни инсон ҳаёти учун хавфли деб ўйлашади. Момоларимиз минг йиллар давомида тандирда нон ёпиб, тирикчилик қилганини уларга тушунтириш иложсиз нарса. Шундай қилиб, рухсатнома олиш учун тандирдан фойдаланиш бутун жараёни батафсил ёзишингиз керак. Бунда технологик талаблардан ташқари, хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши керак эди. Тандир ўрнатилганидан сўнг бизни ёнғин хавфсизлиги департаменти ходимлари зиёрат қилишди. Тандир ишини синчковлик билан текширишгандан сўнг ниҳоят бизга рухсатнома беришди.

Асосий мижозларингиз кимлар?

Клиентларимиз асосан ўзбеклар ва ўрислар. Аммо америкаликлар ҳам сўнгги пайтда нонимизга қизиқа бошлашди.

Келинг, бизнесингизни рақамларда кўриб чиқамиз. Новвойлик билан қанча топиш мумкин? Тушум қанча? Қанақа харажатлар бор? Рекламага ҳам пул тикаяпсизларми? Рақобатчиларингиз борми?

Оддий арифметикадан бошлаймиз. Бир қоп ун ўртача 16-22 доллар туради. Бир қоп ундан 80 та нон чиқади (Бухоро ёки Тошкент нони — фарқи йўқ). Бир қоп нархига — 16 долларга ярим килограмм шакарни (1,50 доллар), туз (0,75 доллар), ёғ (0,20 доллар), 250 грамм хамиртуруш (0,65 доллар)ни қўшамиз. Бунга бир челак сув қўшамиз — Нью-Йоркда қарийб текин. Электр ва газга ойига 2000 доллар кетади. Кунига ўртача 900 та нон сотамиз. Дам олиш кунлари бу рақам янаям ўсиб, 1000 тага етади. Битта ёпган ноннинг нархи — 1,25 доллар. Тошкент патири 1,99 доллар, Самарқанд нони 4,99 доллар туради.

Рекламани эса @telegram_yulduzlari телеграм канали ойига 250 доллар сарфлаб ташкил қиламиз. Бошқа каналларда биз ҳақимизда қарийб беғараз реклама қилишади. Рақобатчиларга келадиган бўлсак, бу ерда бошқа жойларда бўлгани каби рақобатчилар етарлича бор. Лекин биз ҳақиқий Тошкент нонини ёпамиз.

Жами: ҳар куни соф 700-900 доллар. Ойига 21-24 минг долларни ташкил қилади. Йилига эса 240-250 минг доллар. Агар америкаликларнинг йиллик ўртача даромади 30-40 минг доллар эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бу жуда ҳам яхши натижа.

Келажакда қандай режалар бор?

Компаниямиз истиқболда янада кенгайиш, филиалларни кўпайтиришни режа қилган. Бошқа шаҳар ва штатлардаги таниш ватандошларимиз нон юборишни сўрашади. Нонни етказиб бериш жудаям қиммат. Бундай ҳолатда харидорлар қизиқиш билдирган жойда новвойхона очиш энг тўғри ечим ҳисобланади.

Америкада ишлашнинг қандай салбий тарафлари бор?

Хорижда бизнес йўлга қўйиш — жуда катта ҳаётий тажриба. Ҳеч вақосиз ҳам қолиб кетиш мумкин. Омадингиз келадими, йўқми — кутилмаган қийинчиликларга тайёр туришингиз керак бўлади. Барча масъулият сизнинг бўйнингизда ётади. Муваффақиятга ҳам, омадсизликка ҳам сизнинг саъй-ҳаракатларингиз сабаб бўлади. Мен ҳозир салбий жиҳатларни гапиришни истамасдим. Чунки уларга сабоқ, мактаб сифатида қарайман. Уни ўқиб, ўрганиш керак. Уч йил давомида бундай сабоқни кўп олдим.

Ўзбекистонни соғинасизми?

Албатта, соғинаман. Дўстларимни, шаҳримни, айниқса, онамни жуда соғинаман. Биласизми, бу ерда улкан, миллионлаб одамлар яшайдиган Нью-Йоркда ҳар ким ўзича ёлғиз. Тошкент ёпган нонларини соғинаман.

Бруклинда энг зўр паловни ким пиширади?

Мен кўп жойда палов еб кўрганман. Менимча, энг яхшисини Шердор кафесида тайёрлашади. У ерда Самарқанд ошига ўхшаган палов қилишади.

Ватандошларимиздан бири Америкада нос сотиб бой бўлиб кетгани ҳақида гап-сўзлар бор. Яна бири қурт сотиб. Бу ростми?

Носвой ҳақидаги саволингизга жавоб бергим йўқ. Менга нос ҳам, уни чакадиганлар ҳам ёқмайди, очиғи. Қурт ҳақидаги саволингизга келадиган бўлсак, у ҳақиқатга яқин. Нью-Йоркда 6 доналик қурт қадоқлари жуда машҳур.

Ўз ишини очмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

Ёш тадбиркорларга атрофдагилари эҳтиёж ва талабларига эътиборлироқ бўлишни тавсия қилардим. Агар шаҳарда 100 та дўкон бўлса, 101-дўконни очинг, лекин у бошқаларига ўхшамасин. Ўз ғояларингизни амалга оширишдан қўрқманг, айниқса, уялманг. Агар ғоянгиз одамларга наф, сизга даромад келтирадиган бўлса, бир дақиқа ҳам кутиб турманг. Ишга киришинг. Ғоя бўлса-ю, маблағ бўлмаса-чи? Пули кўп, лекин нима қилишни билмаётган одамларни топинг.  Барчага омад ёр бўлсин!

SHARE