Уолл-Стритда Ўзбекистон байроғи кўтарилди

АҚШнинг молия маркази — Уолл-Стритда Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси томонидан Туркистон — Америка ассоциацияси ҳамда “Ватандош” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда шаҳар аҳолиси қатнашди.

Ўзбекистон байроғини кўтариш тадбирида давлат мадҳияси янгради. Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлашди. Улар Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга оширишда улкан натижаларни қўлга киритганини алоҳида қайд этишди.

Хусусан, Туркистон — Америка ассоциацияси раиси Абдулла Хўжа шу кунларда Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги кўтаринкилик кайфияти ва ғурур билан нишонланаётганини қайд этди.

SHARE