Нодир Зокиров: “Сирожиддин Яхшиликов бизга доим фойдали маслаҳат ва амалий ёрдам бериб келган”

Маълумки, яқинда Ўзбекистон томони “Озодлик” радиоси веб-саҳифасида 2017 йил 1 сентябрда “АҚШдаги ўзбек дипломатлари устидан президентга арз қилмоқдалар” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага эътибор қаратди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича,Вашингтон шаҳрида бўлиб турган республика ТИВнинг масъул ходими Қадамбой Султоновга мактубдаги масалаларни муҳокама қилиш учун муаллиф билан учрашиш ваколати юклатилган.

Ушбу материал бўйича Жаҳон банкининг Вашингтондаги офисида ишлайдиган ватандошим Нодир Зокиров Фейсбукдаги саҳифасида ўз муносабатини билдирди. Қуйида уни тўлиқ ҳавола этамиз:

“Вашингтонда бўлганлар билса керак: Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонаси 1909 йилда қурилган жуда чиройли тарихий бинода жойлашган. Аслида, у бино эгаси “Титаник” кемасида чўкиб халок бўлган. Лекин бу бошқа ҳикоя…

Бугунги ёзмоқчи бўлганим мана шу бинода фаолият юритадиган ажойиб хулқли, ўта билимли ва ватандошларга қўлидан келганча ёрдам бериб келаётган дипломатимизга нисбатан қилинган тухмат ҳақида.

Вашингтонда 2008 йилдан бери яшаётган бўлсам, бу вақт ичида Ўзбекистон элчихонасида 3 та консул алмашди. Бугунги гап шулардан охиргиси – Сирожиддин Яхшиликов хақида.

Агар Сирожиддин акага қандай бўлмасин консуллик хизмати юзасидан иши тушганлар бўлса билади – бу инсон ўз ишини жуда яхши билади. Доим қўлини кўксига қўйиб, не хизмат билан келган юртдошлару америкаликларга консуллик масалаларида батафсил маслаҳат ва ёрдам беради.

Шахсан бизнинг оиламиз қанча иш билан мурожаат қилган бўлса, доим хушмуомала ва очиқкўнгиллик билан кутиб олган. Болаларга туғилганлик хақида гувохнома бўладими, нотариал хужжатлар бўладими, нимаики масала бўлса, доим фойдали маслаҳат ва амалий ёрдам бериб келган.

Куни кеча “Озодлик” радиоси рус тилидаги веб сайтида Сирожиддин Яхшиликовга нисбатан бир ғаламис инсон томонидан ёзилган “очиқ” хат чоп этилибди. Ўзи “Озодлик”ни катта мухлиси эмасман, лекин шунақа нопрофессионал ва журналистлик этикадан чекиниб миш-мишларга асосланган хатларни чоп этганлари умуман ҳафсаламни пир қилди.

Нима эмиш, тухмат хатини ёзган киши “танишларидан эшитишича” Яхшиликов консуллик хизматлари кўрсатиш учун пора олар эмиш ва “мени ортимда МХХ (СНБ) туради” деб танишларига мақтанармиш!

Тавба! Қанақа бемаза гаплар! Юқори савияли ва дунёқараши кенг дипломат шунақа мақтаниб юришини тасаввур қила оласизми?

“Озодлик”дай таниқли оммавий ахборот воситаси бир инсон шаънига доғ тушириши мумкин бўлган ва шахси номаълум бир ғаламис инсондан келган тухматларни хеч қандай далилсиз чоп этса!

Сирожиддин Яхшиликов ўз савияси, билми ва одамгарчилиги билан анча-мунча ўзбек дипломатларига ибрат бўлса бўлади.

“Озодлик” хизматидагилар эса журналистик маданият ва маъсулият нималигини яхшигина ўзлаштириб олишлари керак экан…

 

 

SHARE