Марказий банк 2017 йилда инфляция 11-12 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилди

Ўзбекистонда 2017 йил якунларига кўра инфляция 11-12 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақида Марказий банк монетар сиёсати департаменти директори Илҳом Норқулов сўзларига таяниб, gazeta.uz хабар тарқатди.

Расмий статистика маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда инфляция 5,7 фоизни, 2015 йилда 5,6 фоизни ташкил қилган эди. Жорий йилда эса инфляцияни 5,7-6,7 фоиз атрофида ушлаб туриш кўзда тутилган эди.

“Прогноз кўрсаткичларидаги ўзгаришларга кредитлаш ҳажмининг ўсиши сабаб бўлди. Бу омиллар инфляция суръатларининг жадаллашишига хизмат қилди”, деди Илҳом Норқулов.

Унинг қўшимча қилишича, прогноз жорий йилнинг биринчи ярмида шаклланган омиллар таъсирида қайта кўриб чиқилган. Шуни қайд этиш керакки, жорий йилнинг 28 июнидан Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 9 фоиздан 14 фоизга кўтарди.

“Келгуси йилда биз 10 фоиздан бўлган инфляция даражасини мўлжал қилаяпмиз”, деди Марказий банк вакили.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда 2005—2016 йилларда асосий инфляция омили ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархининг ошиши бўлган.

Шунингдек, расмий статистика қайд этишича, ноозиқ-овқат омилининг инфляцияга таъсири улуши 2005 йилдаги 19 фоиздан 2016 йилда 60,4 фоизгача кўпайган.

Таҳлилчилар кузатган гуруҳга ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 11 та тури — автомобиллар учун ёқилғи, шахсий транспорт, қурилиш материаллари, шахсий гигиена маҳсулотлари, кийим-кечак, маиший товарлар ва электр ускуналар, тўқимачилик маҳсулотлари, ошхона буюмлари, оёқ кийим, тамаки маҳсулотлари ва маданий моллар кирди.

Йиллик ўртача нархнинг энг сезиларли ўсиши автомобиль ёқилғиси (йиллик ўртача ўсиш 18,1 фоиз), шахсий транспорт (10,5 фоиз) ва қурилиш материаллари (7,5 фоиз)да кузатилган.

 

 

SHARE