Ўзбекистонда жисмоний шахсларга ҳам нақд валюта сотиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон бир неча ойлардан сўнг аҳоли нақд валюта сотишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметовга таяниб podrobno.uz сайти хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, бу масала ҳақиқатан ҳам кун тартибида турибди ва регулятор бунга босқичма-босқич бораяпти.

“Аниқ санаси ҳозирча йўқ, лекин биз бунга келаяпмиз. Ўйлайманки, гап бир неча ой ҳақида кетаяпти. Аниқ сана вазиятдан келиб чиқиб маълум бўлади. Биз барча қадамларни режалаштирганда, “етти ўйлаб, бир марта кес” тамойили асосида иш тутганмиз. Буларнинг барчаси иқтисодиётга таъсир кўрсатиши мумкин. Биз муайян шахсга ушбу операция керакми деган мақсадда эмас, балки умуман иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади, деган фикрдан келиб чиқамиз”, деди Т. Ишметов.

Унинг қайд этишича, валюта бозорини либераллаштириш тўғрисидаги фармонни тайёрлашга нақ бир йил вақт сарфланди. Юз бераётган ўзгаришлар юзасидан бутун иқтисодий блокнинг фикри ягона тўхтамга келинганидан сўнггина жараённи бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

“Фармон биз ўйлаганимиздан кўра тезроқ чиқди. Аммо ҳозир барчаси босқичма-босқич, ҳисоб-китоблар бўйича кетаяпти, прогнозлари ўхшаяпти. Бу бизни хурсанд қилаяпти ҳамда кейинги қадамларни тезроқ ташлашга ундамоқда”, деди у.

Марказий банк вакилига кўра, жорий йилнинг 5 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин конвертация амалиёти жорий этилиб, банкларда валюта сотилиши йўлга қўйилганидан буён тижорат банкларида аҳоли жами 200 миллион долларга яқин маблағни сўмга алмаштирган. Шунингдек, ўтган вақт ичида 100 миллион долларга яқин маблағ бошқа ҳамкорлар – юридик шахслардан сотиб олинган.

 

SHARE