“Грин-карта” лотереясини ўйнаш 3 октябрдан бошланади

АҚШ Давлат департаменти 2019 йил «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар — DV» (Грин кард) дастурига рўйхатга олиш даври 2017 йил 3 октябрдан 2017 йил 7 ноябргача кенг жамоатчилик учун (белгиланган мамлакатлар учун) очиқ бўлишини эълон қилди.

Мурожаатчилар DV Дастурида 2017 йил 3 октябрь санасида Нью-Йорк вақти билан 12-00дан (Тошкент вақти билан соат 21:00дан) бошлаб рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш даври 2017 йил 7 ноябрь кунига қадар. Сўнгги рўйхатдан ўтиш санаси Тошкент вақти билан 7 ноябрь соат 22:00 га қадар.

Барча аризалар ушбу манзилда рўйхатга олинади. Анкета тўлдириш учун мана бу ерни босинг.

Шуни ёдингизда сақланг: DV Лотереясига ариза бериш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

Ариза топшириб бўлганингиздан сўнг ўз тасдиқлов рақамингизни босмадан чиқариб (принтер) сақлаб қўйишингиз шарт (май ойида текшириб кўриш учун).

Дунё бўйича талабнинг ўта юқорилиги боис ўз аризадарингизни ой бошида тўлдиришни маслаҳат берамиз Сабаби ариpачилар кўплиги боис интернет саҳифаси ишининг секинлашувига олиб келиши мумкин.

Анкеталар жавобларини 2018 йил май ойидан бошлаб текшириб кўриш имконига эгасиз.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Америкада ишлаш ва доимий яшаш ҳуқуқини берувчи мазкур лотереяда собиқ Иттифоқ ҳудудидаги барча мамлакатлар фуқаролари иштирок этиши мумкин. Лотерея қоидаларига кўра, ўйинда қатнашувчи шахснинг ҳозирги яшаш жойи муҳим аҳамиятга эга эмас, у лотереяда қатнашиш ҳуқуқига эга мамлакат фуқароси бўлмоғи керак, холос.

“Грин-карта” лотереяси (расмий номи Diversity Visa Lottery ёки DV Lottery) 1990 йилдаги Иммиграция тўғрисидаги қонун билан ўтказиб келинади. Аслида мазкур чора АҚШнинг этник, диний ва ирқий хилма-хиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур бўлиб, мамлакат меҳнат кучларини жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Гап шундаки, АҚШда бирор бир оила аъзосининг саъй-ҳаракатлари асосида иммиграция қилинган шахслар сони муттасил ўсиб, Америкада қариндошлари бўлмаганларнинг ушбу мамлакатга бориш имконияти чекланиб кетган эди. Шу боис АҚШ ҳукумати иммиграциянинг мазкур тартибини жорий қилган эди.

Лотерея ғолиблари ва уларнинг яқин қариндошлари (турмуш ўртоғи ва фарзандлари) расмий номи United States Permanent Resident Card бўлган “грин-карта”ни олишади. Бу АҚШда қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради. Бундай карточкага эга шахслар орадан беш йил ўтиб, фуқароликка ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.

“Грин-карта” эгаси АҚШдан ташқарига ҳам бемалол чиқиши мумкин, аммо “грин-карта” мақомини сақлаб қолиш учун йилига камида 6 ой ва бир кун Америка ҳудудида бўлиши керак.

Иштирокчиларни рўйхатга олиш фақатгина интернет орқали амалга оширилади. Унда қатнашмоқчи бўлганлар www.dvlottery.state.gov сайти орқали рўйхатдан ўтишлари керак. Рўйхатдан ўтиш жараёни бепул ва ҳеч қандай учинчи шахслар томонидан амалга оширилиши шарт эмас.

Рўйхатдан ўтгач, иштирокчи индивидуал рақамини олади. Бу рақам унга онлайн режимида ўз мақомини текшириб кўриши мумкин бўлади. Ғолиб бўлганлар почта орқали махсус хабарни олишлари мумкин, ютмаганлар эса хабардор этилмайди.

SHARE