Кристин Лагард: “Ўзбекистондаги ислоҳотлар узоқ муддатли, улар осон кечмайди”

Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг баёнот берди. ЎзАда келтирилган баёнотда, жумладан, шундай дейилади:

 

“Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан мамнуният билан учрашдим. Ўзбекистон раҳбарияти улкан ислоҳотларни, авваламбор, яқинда валюта сиёсатини либераллаштириш ислоҳотларини амалга оширмоқда. Биз иқтисодиётни мустаҳкамлаш, кўплаб иш ўринларини яратиш, барқарор ҳамда комплекс ривожланиш учун ҳаётий зарурат бўлган ушбу ташаббусларни олқишлаймиз.

Мен Шавкат Мирзиёевни қўшни мамлакатлар билан минтақавий ҳамкорликни яхшилаш бўйича ташаббусларини эътироф этаман. Минтақавий ҳамкорлик минтақанинг энг йирик муаммоларини ҳал қилиш, жумладан, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, самарали минтақавий энергетика тизимларини яратиш ҳамда транспортни ривожлантириш учун ўта зарурдир.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар узоқ муддатли бўлади, осон кечмайди. Мен Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг янада юқори суръатлардаги иқтисодий ўсишларга эришиши ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириши йўлида ҳамкор бўлишга қатъий эканлигини қайд этаман”.

SHARE