Шавкат Мирзиёевнинг Facebook тармоғидаги саҳифасига расмий мақом олинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси ҳукумат топшириғи асосида Калифорния штатидаги “Кремний водийси”да бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатувчи жаҳоннинг нуфузли IT-компаниялари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борди.

Хусусан, HP Tech Ventures компаниясининг глобал стартаплари сармоядори ҳисобланган Виталий Голомб билан учрашувда “Кремний водийси” мисолида Ўзбекистонда технопарклар эко-тузилмаси ҳамда инновацион марказлар фаолиятини ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлаш келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистондаги IT-стартаплар учун инвестицияларни жалб қилишнинг муваффақиятли механизмини йўлга қўйишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама диққат марказида бўлди.

Amazon Web Services (Амазон компаниясининг “булутли хизматлар” кўрсатувчи инфратузилма платформаси) бош менежери Камфиус Бас билан ўтган учрашувда Ўзбекистон ҳудудида қуёшли панелларда ишлайдиган маълумотларни қайта ишлайдиган дата-марказлар қуриш, шунингдек, ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун Amazon Web Services платформаси орқали веб-хизматларни кўрсатиш масалаларига бағишланди.

“Кремний водийси”даги яна бир муваффақиятли учрашувлардан бири Facebook компаниясининг бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Компанияни иқтисодий ривожлантириш бўйича раҳбари Клейр Деви иштирокидаги муҳокамаларда Facebook вакилларининг Ўзбекистондаги IT-тадбирларида иштирок этиши, шу билан бирга, турли йўналишларда, жумладан, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, стартапларни амалга ошириш каби ижтимоий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш режалари муҳокама қилинди.

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI AXBOROT TEXNOLOGIYALARI VA KOMMUNIKATSIYALARINI RIVOJLANTIRISH VAZIRLIGI

Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Facebook тармоғидаги саҳифасига расмий мақом бериш бўйича ҳам келишиб олинди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқдаги давлат хизматчиларининг саҳифаларини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш чораларини кўриш юзасидан ҳамкорлик ўрнатилиши белгиланди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси “Кремний водийси”даги сафари мобайнида Google компаниясининг IT-лойиҳалар ва стартапларни қўллаб-қувватлайдиган Google Launchpad дастури мутасаддилари, жаҳон миқёсида муваффақиятли ғояларни амалга оширувчи бизнес-инкубатори — Plug and Play Center технологик компанияси, шунингдек, мазкур IT-водийсида дастурчилар тайёрлашга ихтисослашган “42 School” таълим муассасаси асосчиси ва вице-директори Кваме Ямгнане билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Онлайн тўлов тармоқларини яратишда етакчи бўлган Openbucks компаниясида компания ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўртасида англашув меморандуми имзоланиб, америкалик экспертларнинг ўзбекистонлик талабалар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари билан учрашувларини ташкил қилишга мўлжалланган Silicon Valley Talks (“Кремний водийси” келишувлари) лойиҳаси доирасида ташаббусларни амалга ошириш келишиб олинди.

SHARE