Нью-Йоркда Ўзбекистон савдо уйи очилди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги “ЎзТрейд” компанияси АҚШга товарлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ҳамда ушбу мамлакат бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида савдо уйини очди. Бу ҳақида “Ўзтрейд” компанияси матбуот хизматига асосланиб, газета.uz хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, савдо уйи негизида доимий равишда ўзбек маҳсулотлари шоу-руми (show-room) ҳам фаолият юритади.
20 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришишда катта воқеа бўлади.

Форум доирасида Американинг йирик компаниялари билан савдо ҳамкорлиги тўғрисида битимлар имзолаш, шунингдек, текстиль маҳсулотлари, антисептик воситалар, чинни буюмлар, ипак материаллари, қуруқ мевалар, наввот ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари тузилиши режалаштирилаяпти.

SHARE