Нодир Зокиров: “Шавкат Мирзиёев ватандошлар билан тарихий ва самимий учрашув ўтказди”

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди. Унда 18 нафар ватандошимиз қатнашди. Қуйида учрашув иштирокчиларидан бири, 2009 йилдан бери Вашингтондаги Жаҳон банкида ишлаб келадиган Нодир Зокиров Facebook’даги саҳифасида ўз таассуротлари билан баҳам кўрди.

“Ҳаммага каттакон салом, Нью-Йоркдан, Манҳэттандан каттакон салом. Фейсбукда иккинчи жонли  видео чиқаяпти. Кеча Нью-Йоркка учрашувга келдим, деб айтиб ўтган эдим. Ва ниҳоят ўша учрашув ҳақида гапирмоқчиман.

Бу учрашув менга тахминан икки-уч ҳафта олдин Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонаси томонидан таклиф қилинган эди. Элчихона вакиллари менга мурожаат қилиб, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессиясида нутқ сўзлаш учун келаётгани ҳамда ўзбекистонлик ватандошлар билан кўришиш истагидалар. Шу учрашувга сизни таклиф қилмоқчимиз. Шу қатори яна қатор ўзбекистонлик юртдошларимиз, Америка Қўшма Штатларида турли соҳаларда ютуқларга эришган юртдошларимизни таклиф қилмоқчимиз”, деб айтишди.

Мен, албатта, буни жудаям катта шараф билан қабул қилдим. Бугун ушбу учрашув ҳозиргина бўлиб ўтди. Мана, ёнимиздаги Нью-Йоркдаги Park Hyatt Hotel меҳмонхонасидан (Ўзбекистон делегацияси) ҳозиргина аэропортга кетдилар, Ўзбекистонга учиб кетишдилар. 13,5 соатлик сафар бўлади.

Ҳозир учрашув, таассуротларим ҳақида қисқача айтиб бермоқчи эдим. Жуда кўплаб танишлар, билганлар учрашув қандай бўлгани ҳақида сўрашди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан учрашув тахминан бир соатча давом этди. Бу бир соатлик учрашув давомида 18 нафар юртдошимиз, улардан айримлари жуда кўп йиллар давомида Америкада яшаб келаётган ўзбекистонлик диаспора вакиллари, кўплари катта университетларда олимлар, профессорлар, айримлари Америка соғлиқни сақлаш тизимида ишлайдиган олимлар, биолог, химиклар, қишлоқ хўжалиги бўйича, умуман, жуда кўп соҳаларда ишлайдиган, менинг ўзимни ҳайратга солган, тажрибага эга кишилар келишди.

Мен уларнинг тажрибасини кўриб, юртдошларимиз Америка Қўшма Штатларида шунақанги ютуқларга эришиб юрганидан жуда ҳам фахрландим.

Учрашувнинг бошида Шавкат Миромонович Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтдилар ва аниқ гапиришди: Ўзбекистонга ҳозир чет элларда, хусусан, Америка Қўшма Штатларидаги сизларга ўхшаган кадрлар менга керак. Мен очиғини айтмоқчиман: сизларни олиб кетмоқчиман. Шунинг учун бугун очиқчасига гаплашамиз. Ким қандай йўл билан менга елкадош бўлиб, Ўзбекистонга қайтиб ислоҳотларда қатнашишга тайёр, деб сўради. Ва хусусан айтишдики, кимда-ким келадиган бўлса, мен ҳамма билетларини олиб бераман. Ўзбекистондан уй-жой қилиб бераман ва ҳаттоки Америкадаги ойликларингни тўлаб бераман. Ҳеч бўлмаса, бир неча ойга келиб тажриба алмашинглар.

Тахминан 18 кишидан 5-6 киши билан гаплашди. Уларнинг аксарияти жуда катта тажрибали олимлар, биологлар, химиклар, докторлар эди. Уларга конкрет таклифлар қилинди. Мисол учун, сизга шу лавозимни берсам, Ўзбекистонга келасизми? Ҳалиги “Чўқинтирган ота” фильмида бўлади-ку: шундай таклиф қилдиларки, уни рад қилиб бўлмасди (русча айтди). Худди шунга ўхшаш таклифлар бўлдики, одамлар буни инкор этиша олишмайди. Шунинг учун кўплар рози бўлишди. Бу жуда ажойиб, самимий қилинган таклиф бўлди. Мисол учун катта ташкилотларда лавозимлар таклиф қилинди. Давлат маслаҳатчиларига конкрет топшириқлар беришди. Мана, шу юртдошларимиз Америкадан келиб, бизда тажриба алмашишлари учун ҳамма шароитларни яратинглар, дейилди.

Ва очиқчасига айтди: агар кўп йилдан бери Америкада яшаётган бўлсангиз, мен сизларга Ўзбекистоннинг янги паспортини бериб, фуқаролик беришга тайёрман. Фақат бизга келиб, Ўзбекистонга ўз ҳиссаларингни қўшинглар.

Шундан кейин Президент кўпчиликдан яна қандай таклифлар бор, деб сўради. Мен ўзимнинг таклифим билан чиқдим. Демак, биринчи таклифим: бундан бир неча олдин Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар бўлишини хоҳлайсан, деб сўрашганда мен биринчи ўринда шундай деган бўлардим: валюта эркин конвертация жорий қилинишини айтган бўлар эдим. Чунки бу сармоялар олиб келади, янги иш жойлари очиши ва турли юртларда сарсон бўлиб юрган меҳнат мигрантларимиз қайтиб келиб, ота-онаси бағрида нонини топишни бошлайди. Бу жудаям аҳамиятга эга, деган фикрларимни билдирдим. Бундан ташқари, кадрлар масаласида фикримни айтдим. Авваллари хоҳлардимки, давлат хизматчилари халқ иродасини ифода этиб, халқ учун хизмат қилса. Ва учинчиси, ижтимоий-иқтисодий адолат ҳақида. Тошкентда бор шароитлар вилоятларда ҳам бўлса. Газ бўладими, ичимлик сувими ёки электр таъминоти — ҳамма жойда бир хил бўлса. Бир мисол келтирдим, мен ўзим асли қўқонликман ва қариндошларимдан биламан. Қиш ойлари электр чироқлари, газ ўчади. Одамларимиз қийналади. Шунинг учун ҳамма жойда бир хил шароит бўлса.

Шу ерда гапимни тўхтатиб айтишдики, Нодирбек, мен тўғрисини айтаман, мен Қўқонга куёв бўлиб тушганман ва шунча йиллардан бери Қўқонда шароит бўлмаганидан мен хижолат бўлиб юрардим. Мен сизга бераман. Бу йил Қўқонда газ бўлади. Албатта, Ўзбекистондаги ислоҳотлардан умидимиз катта. Ҳамма вилоятларда шунақа шароитлар бўлади. Ислоҳотларни мен олқишладим.

Шундан сўнг конкрет таклиф сўралганда ўз таклифларимни айтдим. Мен ҳар гал Ўзбекистонга келганимда, тажрибали, чет элда ўқиб келган дўстларимиз борлигини айтдим. Улар асосан хусусий секторда ишлашмоқда. Ана шу одамларнинг кўплари давлат соҳасида ишлашга тайёр. Уларга ҳеч бўлмаса озгина эркинлик ва ойлик-маошларини ҳеч бўлмаса озгина ошириб қўйилса. Ҳатто уларнинг меҳнат унумдорлиги шунчалик юқорики, улар балки беш кишининг ишини қилиши мумкин, деган маънода фикримни айтдим. Ва бу фикрларга ҳам жуда ҳам ижобий реакция қилишди.

Ва бундан кейин ўзимнинг соҳам, мен коррупцияга қарши кураш соҳасида ишлайман. Бу борада мендан илтимос қилишди, менга жуда ҳам керакли одам экансиз. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан учрашишингизни хоҳлайман. Шундан сўнг ўзбекистонлик ватандошлар билан учрашув тугади. Шавкат Мирзиёев Америка бизнес доиралари билан ўтказиладиган расмий кечки таомга киришди…

…Умумий таассуротим: жудаям ажойиб ва тарихий учрашув бўлди. Самимий учрашув бўлди. Шавкат Миромонович ёшларга шунчалик эътибор бераётгани, илм-фанга шунчалик эътибор бераётгани мени жудаям руҳлантирди, илҳомлантирди. Албатта, ҳар биримиз, айниқса, мен учун халқ хизматида бўлиш шараф. Қўлдан келгунча қўшма лойиҳаларга, ислоҳотларга ўз ҳиссамни қўшишдан хурсанд бўламан…”

SHARE