Олим Шарипов: “Мeнинг Прeзидeнтга айтган ва айтолмаган гапларим”

Мен Президент Мирзиёев билан учрашувга таклиф қилинган 18 кишидан биттаси эдим. Америкада яшаётган ўзбек жамоаси вакилларидан фақат мен эдим. Бошқалар, асосан олимлар ва Гарвард университети талабали эдилар.

Президент кутилган вақтда етиб келдилар ва ҳар биримиз билан қўл бериб кўришиб чиқдилар.

Жаноб Мирзиёев истараси иссиқ киши эканлар. У киши Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб бердилар. Сўнгра илм-фан соҳасида Америкада ишлаётган бир нечта олимлар билан фикр алмашдилар. Олимларимиз “мамлакатда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан мамнун эканликларини айтдилар ва ўзларининг конкрет таклифларини ҳам бердилар, хусусан:

1. Илм-фанни ўз-ўзини бошқаришга ўтказилишини;

2. Илм-фанни ривожлантиришда чет элларда яшаётган ўзбек олимлари тажрибасидан фойдаланиш (Туркия мисолида) мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Президент «тўғри айтасизлар, сизлар биздан анча олдин кетгансизлар, мен шунинг учун ҳам сизлар билан учрашишни лозим топдим. Келинглар, ишни Америкалик ўзбек олимларидан бошлайлик, кейин бу тажрибани бошқа мамлакатлар олимлари билан давом эттирамиз. Ватан учун ким нима қила олади?» дедилар. Олимларимиз агар шароит яратиб берилса Ватан учун хизмат қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Суҳбат яхши кетаётган эди. Шунда масъуллардан бири Президент қулоғига бир нарсалар деб кетди. Шундан сўнг Президент вақт оз қолганлигини, бошқа йиғилишда уни кутиб туришганларини айтиб узр сўради. Кимни қандай саволи бўлса тезроқ айтиши мумкинлигини айтди.

Мен ҳам шошилинчда иккита таклифимни айта олдим, холос. Булар қуйидагилар эди:

1. Бизнинг Ўзбек мактабимиз учун ўқув қўлланмалари юборилса;

2. Ўзбек болаларининг гуруҳ бўлиб Ўзбекистонда дам олиб келишлари учун шароит яратилса.

Жаноб Президент юқоридаги таклифларнинг ижроси учун тегишли одамларга кўрсатма бердилар.

Вақт жуда оз эди.

Сирасини айтганда ватанимиз манфаати учун менинг Президентга айтадиган бир қанча таклифларим бор бўлиб, булар қуйидагилар эди;

1. Ўқитувчининг обрўсини кўтариш бўйича махсус қарор қабул қилинса;

( Мактаб ва Олий ўқув юртларида билим жуда пасайиб кетган, одамлар китоб ўқимай қўйишган, хусусан Ўзбек тилимиз кундан кунга ғариблашаяпти. Халқ орасида ўқитувчилар обрўси роса паст)

2. Чет элларда яшаётган ўзбек жамоаларига илм-фан, адабиёт ва дин вакиллар юборилиб турилса, болаларимизни миллийлик руҳида тарбиялашга анча фойдаси бўлар эди.

(Камина яқинда Ҳаж зиёратида бўлганимда турли мамлакатлардан келишган турк ҳожилари билан суҳбатлашдим. Улар Австралия. Канада, Америка, Норвегия, Швеция ва Европанинг турли мамлакатларидан келган эканлар. Айтишларича, 10 миллондан ортиқ турклар мамлакатдан ташқарида яшар эканлар. Туркия ҳукумати ўз фуқаролари учун Қуръон қорилари-имомлар юборган экан. Масжидларнинг ҳам маълум бир қисм харажатини Туркия давлати тўлар экан. Имомлар йил — 12 ой ўша жойларда хизмат қилишар эканлар.

Бу ишлар туркларнинг бир хил ғояларда ушлаб туришга, ёшларнинг турли оқимларга кириб кетишларини олдини олишга ёрдам берар экан)

3. Биз, чет элларда муқим яшаётган миллатдошлар учун Ўзбекистонга бориб-келиш ҳужжатлари осонлаштирилса.

(Қўш фуқаролик қонуни қабул қилинса, Туркия каби ёки green-card берилса Ҳиндистон сингари)

Мен мана шуларни айтмоқчи эдим, вақт тиғиз бўлгани учун айтолмадим. Ҳар ҳолда Жаноб Мирзиёевнинг биз билан учрашганлари биз-чет эллик ватандошлар билан мулоқотлар доирасида эзгулик сари қўйилган дастлабги қадам деб ҳисоблайман.

Ва мен бу учрашувдан катта умидлар билан қайтдим.

Олим Шарипов,
Чикагодаги Ўзбек-Америка ассоциацияси Президенти

23 Сентябр, 2017 йил
Илова: Ҳа, дарвоқе учрашувдан қайтар эканман элчихона ходимлари қўнғроқ қилиб қолишди. Президентимиз олиб келган махсус Самарқанд, Регистон суратини бизнинг Чикаго Ўзбек-Америка Жамияти маданият марказимиз учун муносиб кўришибди. Яна бир бор ташаккур деймиз Президентимизга.

Қуйида Олим Шариповнинг “Америка овози” радиосига берган видео-интервьюси:

SHARE