Профессор Алишер Файзуллаев: “Чет элда илм-фан ва бизнесда муваффақиятга эришган ватандошлар Ўзбекистоннинг бойлигидир”

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Америкага сафари, жумладан, Нью-Йоркдаги ватандошлар билан учрашуви кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Профессор Алишер Файзуллаев ушбу учрашувнинг тарихий аҳамияти ҳақида ўз фикрларини баён қилди:

“Президентимизнинг яқинда Америкада яшайдиган ҳамда ишлайдиган ўзбеклар билан учрашуви, назаримда, Ўзбекистондаги жуда кўплаб одамларнинг менталитетини ўзгартиришда ҳамда мамлакат келажаги учун улкан аҳамиятга эга. Хориждаги ватандошларга “агар биз билан бўлмасангиз, бизга қаршисиз” деган ёндашув билан қарайдиганлар бўлган (ундайлар ҳозир ҳам бор). Бундай ёндашувни оқлаб бўлмайди. Бугун дунё бутунлай ўзгарди. Глобаллашув борган сари нафақат дунёдаги тартиботга, айни пайтда оддий одамларнинг кундалик турмушига таъсир кўрсатаяпти. Одамларнинг ўзларига маъқул кўрган жойларга саёҳат қилиши, ўқиши, ишлаши, қаердаки касбий ўсиш, шахс сифатида ривожланишига имконият бўлса, ўша ерга интилиши мутлақо табиий ҳолат.

Дунёнинг энг яхши олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларида яшаб туриб, нуфузли халқаро ташкилотларда ёки трансмиллий компанияларда ажойиб карьера қилаётган ёхуд фан, тиббиёт, санъат ва бизнесда катта ютуқларга эришаётган кишилар, қайси мамлакатда туғилган бўлса, ўша юртнинг бойлигидир. Бутун дунёда бундай фахрланишади, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишади. Менга бир марта ҳиндистонлик танишим айтган эди: агар ҳиндистонлик олимлардан бири Кембриж ёки Оксфорд университети профессори бўладиган бўлса, уларнинг шаънига байрам мушаги отилар экан. Зеро, бу ҳақиқатан ҳам глобал натижа бўлиб, эндиликда ушбу профессорлар жуда катта наф келтиришлари мумкин.

Улкан муваффақиятларга эришган ватандошлар билан ғурурланиш, албатта, яхши. Лекин  мамлакат манфаатлари нуқтаи назаридан бу камлик қилади. Улар билан доимий мулоқот ўрнатиш, улар ватанига бемалол келиб-кетишлари, ўз она юрти учун нимадир қилиши учун шарт-шароитлар, имкониятлар яратиш керак. Бутун дунёда шундай қилинади. Масалан, ҳозирда Японияда АҚШдаги олий таълим университетларида фаолият юритадиган япон олимлари билан мунтазам мулоқотда бўлишга доир дастурлар бор. Улар қисқа муддатга бўлса-да Японияга келишлари, маърузалар ўқишлари, тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиши учун шароитлар яратилади. Хитой ҳукумати эса Гарварднинг асли бўлган хитойлик математик-олими Шин-Тун Яуни Пекин ва Гонгконгдаги математика институтларини ўриндошлик асосида бошқаришга таклиф қилган.

Ўзбеклар қавми-қариндошлик ва бошқа ижтимоий ришталарини қадрлайдиган миллат сифатида ўз она диёрига боғланган. У ёки бу сабабга кўра хорижда яшаса-да, уларнинг аксарияти ўз она юртида нима бўлаётгани билан қизиқади, яқинлари ва дўстлари билан мунтазам алоқада бўлиб туради, ўз юрти ютуқларига хурсанд бўлади, машаққатли дамларда қайғуради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркдаги ватандошлар билан илиқ учрашуви, ишончим комилки, уларнинг аксарияти учун муҳим ва руҳлантирадиган учрашув бўлган. Уларни она юрти қадрлаши, улар кераклиги ҳақида ҳам сиёсий, ҳам инсоний сигнал юборилди.

 

Кимдир сўраши мумкин: Чет элда муваффақиятларга эришган ватандошларга бундай муносабатда бўлиш мамлакатдаги “миялар”нинг хорижга интилишини яширин рағбатлантирмайдими?  Мен йўқ, деб айтаман. Биринчидан, халқаро миқёсда катта муваффақиятларга эришган ҳар бир киши амалда мана шундай муваффақиятга интилувчи ёшларнинг кўпайишига олиб келади. Яъни битта етук ақл эгаси ёнида минглаб етук ақл эгалари пайдо бўлади. Иккинчидан, ҳеч қачон дунёнинг бирор бир мамлакатида интеллектуал салоҳиятли кадрлар (“миялар”)нинг мамлакатдан чиқиб кетишига маъмурий таъчир чоралари билан, яъни хорижга чиқишни ёки ўз мамлакатидан ташқарида ишлашни тақиқлаш орқали барҳам бера олмаган. “Миялар миграцияси” мамлакатда ўзини намоён қилиш ҳамда муваффақиятга эришиш учун шароитлар яратилганда тўхтайди. Мияларни қайтариш мамлакатда нафақат юксак амбицияли ва зиёли инсонлар учун яхши шароитлар пайдо бўлганда, балки давлат чет элда яшаётган қобилиятли ватандошларга ўз бағрини очганда қайтади.

SHARE