Шавкат Мирзиёевнинг Америкага ташрифида қандай конкрет битимлар имзоланди?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташриф буюрган эди.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида мазкур ташриф мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, хусусан, 20 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми тафсилотлари муҳокама этилди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари, йирик ишбилармон доира вакиллари иштирок этган тадбирда умумий қиймати 2,6 миллард долларга тенг бўлган истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Хўш, қандай конкрет лойиҳаларлан иборат?

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, 2,6 миллиард долларлик битимларнинг 1,5 миллиард доллари General Electric корпорацияси билан нефть-газ соҳасида эришилган.

Элёр Ғаниев/Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон яна иккита Dreamliner харид қилади

Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг “Боинг 767” русумли иккита йўловчи самолётини транспорт самолётига айлантириш бўйича Американинг “Боинг” компанияси билан келишувга эришилган. Бундан ташқари, яқин йилларда яна 2 та “Боинг 787-Дримлайнер” йўловчи самолётларини харид қилиш борасида битим тузилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев маълум қилди.

“Боинг 767” йўловчи самолётлари юк ташиш мақсадида қайта таъмирланиб, транспорт самолётларига айлантирилганидан сўнг, улар ёрдамида янги узилган сабзавотлар, меваларни АҚШга етказиб бериш имкони пайдо бўлади. Ушбу самолётнинг ҳар бири 60 тонна юкни Америкадаги буюртмачиларга ўз вақтида етказиб бера олади. Шу билан Ўзбекистоннинг табиий, гени ўзгартирилмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Америка бозорида сотиш имкони пайдо бўлади”, деди ташқи савдо вазири.

Унинг айтишича, Нью-Йоркда бўлиб ўтган Ўзбек-Америка бизнес форумида Ўзбекистоннинг нафақат уран каби маҳсулотлари, балки тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқиш билдирилган.

Ўзбекистон суверен рейтинг олади

Ўзбекистон халқаро суверен рейтинги олиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

«Биз суверен рейтинг олиш ишларининг энг бошланғич босқичидамиз. Citibank консультантимиз бўлиши мумкин, эҳтимол банклар консорциуми бўлиши ҳам мумкин — яқин келажак буни кўрсатади», — деди бош вазир ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, суверен кредит рейтингини олиш учун аризани расмийлаштириш дастури яқин вақтлар ичида Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.

Жамшид Қўчқоров ҳукумат суверен рейтингни хориждан маблағларни жалб қилиш манбаларини диверсификация қилиш йўлларидан бири сифатида кўраётганини таъкидлаб ўтди.

Унинг маълум қилишича, суверен рейтинг олинганидан сўнг Ўзбекистондаги йирик компаниялар ва банклар худди шундай рейтинг олиши ва бозорга маблағларни жалб қилиши мумкин.

Мамлакат кредит рейтингининг олиниши тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ўсиши, хорижий шериклар билан ҳамкорликларнинг кенгайиши, шунингдек банклар ва тадбиркорларга жаҳон молия бозорида пастроқ ставкаларда кредит маблағларини жалб қилишлари учун қулай шароитлар яратилишига имкон яратади.

Ўзбекистон Америкага 300 миллион долларлик уран етказиб беради

Ўзбекистон етти йил давомида Американинг Nukem компаниясига 300 млн долларлик уран концентратини етказиб беради.

Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг қайд этишича, Nukem компанияси билан шартнома Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафта АҚШга ташрифи вақтида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми якунлари бўйича имзоланди.

Элёр Ғаниев мазкур шартнома уран концентратини етказиб берувчи бошқа давлатлар келишаётган битимларга қараганда анчагина манфаатли шартлар асосида имзоланганини таъкидлаб ўтди.

Жаҳон банки Ўзбекистонга кредитлар портфелини 2 миллиард доллардан 4 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари ва Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашувидан кейин Жаҳон банки Ўзбекистонга ажратадиган кредитлар папкасини 2 баробарга ошириб, 2 млрд доллардан 4 млрд долларга етказиш масаласини муҳокама этмоқда.

Шерзод Шерматов/Халқаро пресс-клуб

Вебстер келгуси ўқув йилидан фаолият бошлайди

Ўзбекистон – АҚШ бизнес форуми якунида Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, мазкур таълим муассасаси Марказий Осиё минтақасида “таълим хаби” бўлади ва хорижлик талабаларни ҳам қабул қилади. Филиал 2018/2019 ўқув йилидан талабаларни қабул қилади.

SHARE