МДҲ “президентлар клуби”га айланмоқда

    10 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Россия мазкур тузилмага раислик қилганлиги боис Владимир Путин МДҲ доирасида амалга оширилган ишларга хулоса қилади, умумий фикрлар янграйди.

    Гарчи мазкур ташкилот доирасида жиддий муаммолар талайгина бўлса-да, улар ҳақида имкон қадар гапирмасликка ҳаракат қилишади. Кун тартибига киритилган 20 га яқин масаланинг барчаси техник хусусиятга эга. Улар реал муаммоларни ҳал қилишдан кўра умумий баёнотларга ўхшаб кетади.

    ЎзАнинг ёзишича, саммит якунида Ҳамдўстликда 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор, шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

    Бундан ташқари, МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти янграши кутилаяпти.

    Россиянинг газета.ру интернет нашри ёзишича, саммит борган сари сиёсий ташкилотдан кўра президентлар клубига айланиб бормоқда. Собиқ иттифоқ таркибидаги 10 та мамлакат вакиллари (ҳамма давлатдан ҳам раҳбарлар қатнашмаяпти) МДҲга раисликни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга топширишади.

    Умуман, Тожикистон раҳбарининг ушбу саммитда қатнашиш эҳтимоли паст эди. Россия президентни матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Эмомали Раҳмоннинг катта акаси яқинда вафот этди. Шу сабабли Россия тарафи унинг ташрифига алоҳида эътибор қаратди.

    Охирги саммит

    Бу йилги саммит арафасида кутилмаган воқеалар юз берди. Гап шундаки, икки биродар халқ — қозоқ ва қирғиз ҳукуматлари орасидан “қора мушук” ўтди.

    Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев 7 октябрь куни ўтказилган давлат мукофотларини тантанали топшириш маросимида яна бир бор қўшни Қозоғистон мамлакати ва президент Нурсултон Назарбоев фаолиятини танқид қилди. Мамлакат раҳбари расмий Остонани 15 октябрь куни Қирғизистонда ўтказиладиган президентлик сайловлари жараёнига аралашишда айблаган. Ўз ўрнида Қозоғистон ТИВ расмий баёнот ва протест хати билан чиқиб, «президентнинг ушбу сўзлари йўл қўйиб бўлмас» ҳақоратга айланиб бораётганини билдирди.

    Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда Президент бир муддатга ва олти йил муддатга сайланади. Шу ҳисобдан бу Алмазбек Атамбоевнинг охирги саммити ҳисобланади.

    Шавкат Мирзиёевнинг илк саммити

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда. У 10 октябрь куни Сочи шаҳрига етиб борди. Шавкат Мирзиёев биринчи марта МДҲ раҳбарлари саммитида қатнашмоқда. Ўтган йили 16 сентябрдаги саммитда Ўзбекистонни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тақдим қилган эди. Ўзбекистон МДҲ ўзаро мулоқот ва музокаралар учун яна бир имконият сифатида қарайди.

    Ташқи ишлар вазирлиги “Жаҳон” ахборот агентлиги қайд этишича, Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида келишилган ва самарали транспорт коммуникациялари ҳамда тариф сиёсати амалга оширилишини, транзит салоҳиятини юксалтириш ва юк ташишларда янги ҳажмлар жалб этилишига йўналтирилган преференциал ва имтиёзли шартлар қўлланилишини ёқлайди.

    SHARE