Владимирда жароҳатланган қизалоқ даволаш учун Москвага олиб келинди

Россиянинг Владимир вилоятидаги автобус ва поезд иштирокида рўй берган фожиали ҳалокатда 4 фуқаро жуда оғир аҳволда шифохонага ётқизилган эди, улардан 2 нафари болалар эди. Бу ҳақида Телеграф.uz сайти хабар тарқатди.

2 ёшли болакай шифокорларнинг уринишларига қарамай, вафот этганди. Айни дамда 5 ёшли қизчанинг аҳволи ҳам врачларни хавотирга солмоқда.

Бугун, 10 октябрь куни қизчани вертолёт орқали Москвага кўчириб келишди. Тахминан бир соатдан кўпроқ вақт учган ҳаво транспорт воситасида бемор учун барча шароитлар яратилган бўлиб, унга парвоз пайтида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ҳозирча қизалоқнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Моксвалик шифокорлар унинг ҳаёти учун кураш олиб боришмоқда.

2017 йил 6 октябрь куни Россия Федерациясининг Владимир вилоятида автобус ва йўловчи поезди иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг оқибатида 16 киши ҳаётдан кўз юмган. 

Ҳалок бўлганларнинг 15 нафари Ўзбекистон фуқароси, бир нафари Қозоғистон фуқароси бўлган. Яна 5 нафар Ўзбекистон фуқароси турли даражадаги тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, 3 нафар оғир жароҳат олган юртдошларимиз Владимир вилоятида даволанишда бўлиб турганди. Уларнинг аҳволи доимий назоратда ва соғлиги яхшилангач, Ватанга қайтадилар.

SHARE